Владимир Путиннинг баёнот беришича, Россия Суриянинг Ҳалаб шаҳрига ҳаво зарбалари беришда эълон қилган танаффусни узайтиради. Ғарб мамлакатлари ушбу шаҳарни бомбардимон қилиш амалиётини ҳарбий жиноятлар, деб баҳолаган эди. 

Россия раҳбари Берлинда Франция ва Германия етакчилари билан Украина ва Суриядаги инқирозни муҳокама қилгани ҳақида аввал хабар қилинган эди. 

Расмий Москва Берлин учрашувидан аввал Ҳалабда саккиз соатлик гуманитар танаффус эълон қилган эди. 

Россия "...ҳаво зарбалари беришдаги танаффусни узайтиришга тайёр", - деган Путин музокаралардан сўнг журналистлар билан ўтказган брифингида. 

Ўз навбатида, Франция етакчиси Франсуа Олланд Путин ва Меркель билан ўтказган мулоқотидан сўнг, Ҳалабда бомба ва ракеталар шифохоналар ҳамда тинч аҳоли вакиллари устига тушаётгани "ҳарбий жиноятлар"га яқинлигини таъкидлаб, бунинг жавобгарликни Россия зиммасига юклади. Унинг айтишича, Ҳалаб аҳолиси чидаб бўлмас шароитларда қолмоқда.