Литва, Латвия ва Эстония қуроллар ва ҳарбий техникалар учун харажатларни кескин оширишни режалаштирмоқда. Хабарларга кўра, Болтиқ денгизи мамлакатлари 2018 йилга келиб, мудофаа бюджетини 2014 йил билан таққослаганда 3 мартага ошириб, 670 млн долларга етказиш ниятида. Бунга, Россиянинг Украина Қрим яриморолини қўшиб олгани туфайли вужудга келган қўрқув сабаб қилиб кўрсатилаяпти, дейилади IHS Markit сайти хабарида.

Унда айтилишича, 2020 йилда ушбу уч мамлакатнинг умумий мудофаа бюджети 2,1 миллиард долларга етади. Бу эса, уларнинг НАТОга аъзо бўлган вақтдаги мудофаа бюджетидан икки марта ортиқ бўлади ва дунёнинг ҳар қандай давлатига нисбатан юқори ўсиш суръатини кўрсатади. 

Эстония, Латвия ва Литва 1940 йилда СССР томонидан иккинчи Жаҳон уруши бошлангач, босиб олинган эди. Бироқ, 1991 йилда собиқ Иттифоқ парчалангач, мустақилликни қўлга киритишганди. Ҳозирда, бу давлатлар НАТО ва ЕИ аъзолари ҳисобланади.