Украина Олий Радаси депутати Надежда Савченко ҳамкасблари билан тортишиб қолгани сабаб, парламентнинг миллий хавфсизлик ва мудофаа қўмитасининг мажлисини тарк этган. 

Хабарларга кўра, қўмита аъзолари 2017 йилги ҳарбий бюджетни муҳокама қилаётган вақтда, Савченко ўрнидан туриб сумкасини олган ва эшикка йўналган. Йиғилиш модератори ундан қаёққа кетаётганини сўраган. Бунга жавобан халқ депутати яхшиси одамлар билан суҳбатлашаман, ана шу фойдалироқ, дея эшикни қаттиқ ёпиб чиқиб кетган. Шундан сўнг, қўмита аъзолари Савченко кетиши билан кворум бўлмагани боис, қатор муҳим масалаларни муҳокама қила олмасликларини билдиришган. 

Хусусан, парламент қўмитаси мудофаа бюджетидан ташқари, Украина миллий хавфсизлик хизмати ҳисоботини ҳам тинглаши керак эди. Бундан ташқари, Россияга қарши санкцияларни кенгайтириш масаласини муҳокама қилиш белгиланганди. «Корреспондент.net» сайти хабар қилишича, шундан сўнг, қўмита раҳбари Сергей Пашинский Савченконинг Донецк ва Луганск вакиллари билан алоқасини текширишни сўраб, УХХга мурожаат тайёрлаш фикрини илгари сурган. Шунингдек, текширув мобайнида Савченконинг давлат сирига оид фаолиятини тўхтатиб туриш таклиф қилинган.