ГФР ТИВ раҳбари Франк Вальтер Штайнмайернинг баёнот беришича, Россиянинг Суриядаги хатти-ҳаракатлари туфайли Москвага қарши янги жазо чоралари қўллаш Ҳалабдаги вазиятни ҳал қилишга ёрдам бермайди. Бу ҳақда Rheinische Post ёзмоқда.

«Матбуот учун баландпарвоз баёнотар ва санкциялар ҳақидаги таҳдидлар Ҳалабда озиқ-овқат маҳсулотлари ва тиббий ёрдамга муҳтож бўлган ҳеч кимга, болага ҳам, ота-она, бемор ёки жабрланганга ҳам ёрдам бермайди», — деган Германия ташқи ишлар вазири нашрга берган интервьюсида. 

Унинг сўзларига кўра, жаҳон ҳамжамияти Украина инқирози ва Ҳалабга бомба ёғдириш амалиётига барҳам беришга уринмоқда. 

«Агар, биз, Россияга қарши санкциялар билан муаммони ҳал этиш мумкинлигига ишонганимизда, эҳтимол, Ҳалабни бомбалашда танаффус эълон қилинишига эришмаган бўлардик», — деган Штайнмайер ва Сурия инқирозининг ҳарбий йўл орқали ечими мақсадга мувофиқ эмаслигини қайд этган.