АҚШ Давлат департаменти Филиппин президентининг муносабатларни узиш тўғрисидаги баёнотига муносабат билдирди. Унга кўра, Дутертенинг баёноти икки томонлама алоқалар нуқтаи-назаридан баҳолаганда изоҳталабдир, деб хабар қилмоқда РИА «Новости» агентлиги. Бу ҳақда, Давлат департаменти расмий вакили Жон Кирби баёнот берган.

«Биз бу риторикани эшитдик. У бизнинг Филиппин билан мавжуд алоқаларимиз, ҳукуматнинг турли даражаларда нафақат хавфсизлик жиҳатидан олиб бораётган ҳамкорлигимизга зиддир. Шу боис, Филиппин давлат раҳбарининг АҚШдан ажралиши хусусида берган баёноти юзасидан изоҳларни сўрамоқчимиз. Биз бу нимани англатишини тушунмаяпмиз», — деган Кирби. 

Аввалроқ, АҚШ Филиппин ҳукуматидан икки томонлама алоқаларни узиш нияти хусусида расмий огоҳлантириш олмаганини билдирган эди. 

Эслатиб ўтамиз, Филиппин президенти Родриго Дутерте Хитойга ташрифи чоғида унинг мамлакати АҚШ билан «хайрлашадиган вақт» келганини қайд этган эди. 

Дутерте расмий Маниланинг Ғарб кўрсатмасига монанд ташқи сиёсий йўналишидан «бўғзигача тўйгани» боис, уни ўзгартириш ниятида эканини таъкидлади. У шунингдек, АҚШга бошқа бормаслигини, чунки «у ерда фақат ҳақоратланиши»ни билишини айтган. Шундан сўнг, сўконғич Дутерте Обамани яна бир бор сийлаб «фоҳишанинг ўғли» деб атаганди.