АҚШнинг CNN телеканали Республикачилар партиясидан конгрессмен Крис Коллинз билан жонли эфирда олиб борган мулоқотини кутилмаганда узиб қўйди. Бунга, Коллинзнинг АҚШ президентлиги учун демократлар номзоди Ҳиллари Клинтонни ёлғончи деб атагани сабаб бўлди, дея хабар қилган Heavy нашри.

Нью Йорк штатидан конгрессмен Коллинз жонли эфирда CNN бошловчиси Крис Куомонинг саволларига жавоб бераётган эди. У, Клинтонни ёлғончилик ва иккиюзламачиликда айблаб, WikiLeaks сайти ҳамда Клинтон штаби раҳбари Жон Подестанинг мактубларини ёдга олиши билан кутилмаганда телеканал у билан алоқани йўқотган. 

«Вой йўқ! Кўрамиз, биз конгрессмен Коллинзни эфирга қайтара оламизми? Биз у билан алоқани йўқотдик, бу яхши эмас», — деган бошловчи у билан алоқа йўқолгач. 

Reddit ижтимоий тармоғининг янгиликлар сайти фойдаланувчилари CNN буни қасддан амалга оширгани хусусида фикрлар билдирган. Улар шунингдек, телеканални ва АҚШнинг бошқа етакчи ОАВни бир ёқламаликда ва фақат демократлар ҳамда Клинтон фикрларини тарғиб қилишда айблашган.