Филиппин республикаси, президент Родриго Дутертенинг Қўшма Штатлар билан хайрлашиш вақти келгани хусусида берган баёнотига қарамай, АҚШ билан савдо ва иқтисодий алоқаларга чек қўйиш ниятида эмас.
 
Бу ҳақда, Филиппин савдо вазири Рамон Лопес маълум қилди, деб хабар қилмоқда Reuters агентлиги. 

«Иқтисодий алоқаларга келсак, биз АҚШ билан савдо ва инвестицияларни тўхтатмаймиз», — деган Лопес, Филиппин давлат раҳбари сўзларини изоҳлар экан. 

Аввал хабар берганимиздек, Филиппин президенти Родриго Дутерте Хитойга ташрифи чоғида унинг мамлакати АҚШ билан «хайрлашадиган вақт» келганини қайд этган эди.

Шундан сўнг, АҚШ Давлат департаменти Филиппин президентининг муносабатларни узиш тўғрисидаги баёноти нимани англатиши юзасидан изоҳ талаб қилишини билдирганди.