Малайзиядан Ўзбекистонга учаётган йўловчилар самолёт бортига Galaxy Note 7 олиб чиқиши тақиқланди

Технология 21 Октябрь 2016 8376
Фото: Getty Images

Малайзия Давлат авианазорати кўрсатмасига биноан ҳамда парвозлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Малайзиядан учиб келадиган йўловчиларга «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси ҳаво кемалари бортига Samsung Galaxy Note 7 смартфонларини олиб чиқиш тақиқланади. Бу ҳақда Ўзбекистон ҳаво йўллари» матбуот хизмати хабар берган.

Чекловлар Samsung Galaxy Note 7 смартфонларининг ёниб кетиш ҳолатлари кузатилаётгани муносабати билан киритилган.

«Малайзиядан учиб келаётган йўловчилар Galaxy Note 7 смартфонини қўл юки сифатида олиб кетиши, багажга топшириши ёки мамлакатдан учиб кетадиган қатновларда юк сифатида жўнатиши мумкин эмас. Ушбу кўрсатмага қатъий риоя этишингизни сўраймиз», — дейилган хабарда.

Samsung Galaxy Note 7 смартфонлари 7 августдан Жанубий Корея бозорида чиқа бошлаган эди, аммо сентябрга келиб 2,5 миллион смартфон харидорлардан қайтариб олинди. Бунга ускуна батареяси билан боғлиқ муаммолар сабаб бўлди.

11 октябрь куни Galaxy Note 7’нинг ишлаб чиқарилиши тўхтатилгани эълон қилинди. 13 октябрь куни Samsung Electronics компанияси Жанубий Кореяда Galaxy Note 7 смартфонлари учун товон пули тўлаш ва уларни бошқа моделларга алмаштириб беришни бошлади.

Samsung Galaxy Note 7 сотувлари тўхтатилганидан сўнг даромад 30 фоизга тушишини кутмоқда. Компания Galaxy Note 7 туфайли кўриладиган зарарни 5,3 миллиард долларга баҳолади.

Кўпроқ янгиликлар