«Марсель»нинг кеча истеъфога чиқарилган Франк Пасси раҳбарлигидаги сўнгги машғулоти вақтида икки футболчи - Буна Сарр ва Зинедин Машаш муштлашиб кетган. Бу ҳақда L'Equipe хабар берди.

Машғулот 20 октябрь куни ўтказилганди. Аввалига футболчилар бир-бирларини сўз билан “савалашган”. Сўнгра муштлар ишга тушган. Қолганлар дарҳол Сарр ва Машашни ажратиб қўйишган.

Футболчилар машғулот вақтидаёқ жамоа бош мураббийи Пасси 2015 йилнинг 9 августидан бери ишлаётган ўз лавозимидан кетаётганини билишган эди. Пайшанба кечқурун эса жамоа раҳбарияти Руди Гарсия билан 3 йиллик шартнома имзолади.

Франция чемпионатининг тўққизинчи туридан сўнг «Марсель» ҳисобида 12 очко бўлиб, жамоа чемпионатда 12-ўринни банд этган.

17 октябрь куни америкалик бизнесмен Фрэнк Маккорт «Марсель»ни Маргарита Луи-Дрейфусдан сотиб олиш бўйича жараённи якунлаганди. Келишувнинг молиявий жиҳатлари ошкор этилмаган.

Манба: Tribuna.uz