Мексика суди наркобарон Гусманни АҚШга топширишни маъқуллади

Жаҳон 21 Октябрь 2016 4957
Фото: tcf.org

21 октябрга ўтар кечаси Мехико округ суди Эл Чапо (Пакана) лақабли наркобарон Хоакин Гусман Лоэрани унинг адвокатлари эътирозларига қарамасдан, АҚШга топширишни тасдиқлагани маълум бўлди. Бу ҳақда хорижий ОАВ хабар бермоқда.  

Гусманни ҳимояловчи адвокатлардан бири Agence France-Presse ахборот агентлигига суднинг бу қарори юзасидан олий инстанцияга шикоят беришини айтган. "Синалоа"  наркокартели етакчиси ҳимоячиларида экстрадиция жараёнини тўхтатишга барча имкониятлар мавжуд, чунки Мексикадаги энг таниқли жиноятчилардан бирининг АҚШга топширилиши санаси ҳали белгиланмаган.

Қайд этиш жоизки, АҚШда Гусманга у содир этган жиноятлар – қотиллик, одамларни ўғирлаш, гиёҳванд моддалар савдоси учун бир нечта умрбод жазоси берилиши мумкин.  

Мексика ҳукумати аввалроқ ҳам "1-рақамли наркобарон"ни АҚШга топширишни маъқуллаганди, бироқ жиноятчининг адвокатлари бу жараённи тўхтатишга муваффақ бўлишганди.

 

Кўпроқ янгиликлар