Франция президенти Франсуа Олланд Буюк Британия бош вазири Тереза Мэйни огоҳлантириб, ЕИ Brexit бўйича музокараларда жиддий позициясини эгаллашини таъкидлаган. Бу ҳақда Associated Press агентлиги хабар қилмоқда.

Бирлашган қироллик бош вазири ЕИдаги ҳамкорларини мавҳумликда ушлаб тургани таъкидланмоқда. Чунки, Британия расман ташкилотдан чиқиш жараёнини бошлагани йўқ. Аслида, Тереза Мэй буни 2017 йил март ойи сўнггидан аввалроқ бошлашни режалаштирмаяпти. Унинг сўзларига кўра, биргаликда ишлаш Британия ва ЕИ манфаатларига мос келади. 

Франсуа Олланд эса, ЕИ биргина Британия учун ўз қадриятларини поймол қилишни истамаслигини уқдирган. 

«Мен буни жиддий айтдим: агар Тереза Мэй хоним «қаттиқ» Brexit бўлишини хоҳлаётган бўлса, музокаралар ҳам «қаттиқ» бўлади», — деган француз давлат раҳбари. 

Германия канцлери Ангела Меркелнинг қайд этишича, амалда Британиянинг ЕИ таркибидан чиқиши мураккаб бўлади ва қимматга тушади.

Аввалроқ, Европа кенгаши раиси Дональд Туск, Brexit бўйича «енгил» музокараларнинг имкони йўқлигини айтган эди.