Шимолий Корея БМТ "Корея яриморолида мустаҳкам тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш вазифасига зид келувчи мақсадларда фойдаланиладиган амалиётни бас қилишга чақирди". Бу ҳақда Шимолий Корея вакили ҳозирда ўтаётган БМТ Бош ассамблеяси 71-сессияси давомида ўтган ҳуқуқий масалалар бўйича қўмита йиғилишидаги нутқида айтиб ўтди. Бу вакилнинг нутқи матни Корея марказий телеграф агентлиги каналлари орқали тарқатилган.     

Шу муносабат билан Шимолий Корея вакили АҚШдан "Жанубий Кореяда ноқонуний равишда яратилган "БМТ қўмондонлиги"ни зудлик билан тарқатиб юборишни ва унинг ҳудудидан БМТ Бош ассамблеясининг 30-сессиясидаёқ қабул қилинган қарорга мос равишда тажовузкор ҳарбий кучларни олиб чиқишни" талаб қилган.   

Вакилнинг айтишича, ҳозирда 1950-1953 йиллардаги Корея уруши вақтида яратилган бу ҳарбий механизм "БМТ қўшинларига ҳеч қандай алоқаси йўқ ва АҚШ томонидан Шимолий Кореяга нисбатан душманларча сиёсатни амалга ошириш учун қўлланади". Унда иштирок этган барча БМТга аъзо давлатлар ўз қўшинларини Корея яриморолидан аллақачон олиб чиқиб кетишган ва фақатгина АҚШ ўзининг қўшинларини қолдирган". Шимолий Корея вакилининг айтишича, Вашингтон "БМТ қўмондонлигини" "НАТОнинг Осиё версиясини яратиш учун кўпмиллатли кучлар қўмондонлигига" айлантирмоқчи.

Шимолий Кореяда бу ҳарбий тузилманинг сақланиб қолиши "эскилик сарқити бўлиб, БМТнинг асосий ҳужжатлари қоидаларини бузади, Корея яриморолида тинчлик ва хавфсизликка эришишга тўсқинлик қилади", деб айтилмоқда. 

Шимолий Корея БМТ қўмондонлигини зудлик билан тугатиш ва "баъзи давлатларга ўз сиёсий манфаатларида БМТдан фойдаланишга имкон берувчи ноқонуний амалиётга чек қўйиш керак" деб ҳисобламоқда.