Шотландия ҳукумати мамлакатнинг Буюк Британия таркибидан чиқиши бўйича 2-референдум ўтказиш қонун лойиҳасини чоп этди. Ҳужжат 20 октябрда Шотландия ҳукумати сайтида пайдо бўлди. Бу ҳақда "Интерфакс" ахборот агентлиги хабар берди

Лойиҳада референдумни ўтказиш, овоз беришни ташкиллаштириш ва овозларни ҳисоблаш қоидалари баён қилинган.

Шотландия бош вазири Никола Стержен Буюк Британиянинг Европа Иттифоқи таркибидан чиқиш истаги Шотландияни 2014 йилда Буюк Британияда қолиш қарорини қайта кўриб чиқишга ундаганини айтди. Бироқ бош вазирнинг айтишича, қайта овоз бериш масаласи очиқ турибди, ҳужжат эса тавсия характерига эга.  

Шотландияда ўтказилган 1-референдум натижаларига кўра, мамлакат Буюк Британия таркибида қолган эди. Бунга 55 фоиз аҳоли овоз берган. Бироқ кейинроқ кўпчилик шотландияликлар Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқишидан норозилик билдиргандилар.