Швециянинг Лунд шаҳри бошқаруви ИШИД террорчилик гуруҳининг собиқ аъзолари учун реабилитация дастурини ишлаб чиқди. Унга мувофиқ, собиқ жангарилар уй, иш билан таъминланади, уларга таълим ва молиявий ёрдам берилади. 

Британиянинг The Independent нашри ёзишича, бу чоралар собиқ жиҳодчиларнинг жамиятга қайта қўшилишига имкон бериб, уларнинг террорчилик фаолиятига қайтишларига йўл қўймаслиги керак. 

«Инсонни жамиятга қайта қўшиш уни рад этишдан арзонга тушади», — дейди зўравонлик терроризмига қарши муниципал мувифиқлаштирувчиси Анна Шёстранд.

Унинг қайд этишича, бундай амалиёт Швецияда жиноий гуруҳлар ва неонацист ташкилотларнинг собиқ аъзоларига нисбатан ҳам қўлланилади. 

2015 йил ноябрь ойида Швеция давлат хавфсизлиги органлари Суриядаги террорчилар сафига кирган 286 нафар швед фуқароси борлигини ҳисоблаб чиққан эди.