20 октябрь, пайшанба куни Тереза Мэй Буюк Британия бош вазири сифатида иш бошлаганига 100 кун бўлди. Ана шу кунлар ичида қиролликда нималар ўзгарди?

Ўтган 3 ой ичида Тереза Мэй ва унинг маҳкамаси сиёсатда ва Британиянинг кундалик ҳаётида унча кўп бўлмаган ишларни амалга оширди.

Ҳали олдинда Евроиттифоқдан чиқиш сингари катта иш турибди. Аммо нимадир ўзгарган бўлса, унда улар билан қуйида танишишингиз мумкин.

“Брексит” бошланиш вақти
Аввал: Бу ҳақда Тереза Мэй бошида ноаниқ фикр билдирган эди. У ЕИдан чиқиш жараёни Лиссабон келишувининг 50-моддасига мувофиқ олиб борилиши ва бу жорий йилнинг охири ёки кейинги йилнинг бошига тўғри келишини айтган эди.

Ҳозир: Октябрь бошида Тереза Мэй ЕИдан чиқиш жараёнини 2017 йилнинг март ойидан расмий равишда бошлашга ваъда берди. 9-10 март кунлари ЕИнинг навбатдаги саммити бўлиб ўтади. Балки Мэй икки йиллик жараённинг бошланишини айнан ўшанда маълум қилар.

Фунт стерлинг курси
Аввал: Мэй сайланган вақтда 1 фунт 1,32 долларни ташкил этар эди. Аввалроқ, референдумга қадар эса ушбу кўрсаткич 1,47 доллар эди.

Ҳозир: Орадан уч ой ўтиб, бу ҳолат 1 фунтга 1,22 долларни ташкил этмоқда. Фунтнинг тушиб кетиши – бу ҳозирча “брексит”нинг иқтисодга бўлган таъсиридир.

Инфляция (йиллик ҳисоблаш)
Аввал: Июлда – 0,6 фоиз, июнда – 0,5 фоиз.

Ҳозир: Сентябрда – 1 фоиз.
Статистикларнинг айтишича, инфляциянинг тезлашиши ва фунтнинг тушиб кетиши ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик кузатилмаган.

Этник нафратга асосланган жиноятлар
Аввал: 2015 йилнинг июль ойида 3886 ҳолат полиция томонидан қайд этилган.
Ҳозир: 2016 йилнинг июль ойида бу кўрсаткич 5468тани (41 фоиз ўсиш) кўрсатган. Августда тушиш кузатилган. Бу борада юқорилаш Мэйнинг бош вазир бўлиши билан эмас, балки референдум ўтказилиши билан боғлиқ. Мутахассислар бу ҳолатга нисабатан аниқ фикр айта олишмаяпти: уларнинг сўзларига кўра, бу ҳуқуқбузарликнинг ростан ошиб кетиши ёки референдумдан сўнг жиноятлар ҳақида берилаётган хабарларнинг ошиши.

Сарвар Анвар ўғли тайёрлади