Дунёдаги энг баланд чўққи – Эверестни забт этган биринчи аёл бўлгани билан танилган япониялик Дзюнко Табэи 78 ёшида ватанида вафот этди. Бу ҳақда альпинист аёлнинг яқинлари маълум қилишди. 

Табэи саратон билан узоқ курашдан кейин вафот этди. Аёл 20 октябрда эрталаб оламдан кўз юмди, деб хабар бермоқда Киодо ахборот агентлиги.  

Япониянинг Фукусима префектурасида яшаган аёл 1975 йилда 35 ёшида Эверестни забт этган биринчи аёл бўлган. 17 йилдан кейин Табэи яна биринчи бўлишга муваффақ бўлган: у 1992 йилда "Етти чўққи" – ҳар бир қитъадаги энг баланд чўққиларни (Осиё –Жомолунгма ёки Эверест, 8848 м; Жанубий Америка – Аконкагуа, 6962 м; Шимолий Америка – Денали, 6190 м; Африка – Килиманжаро, 5895 м; Европа – Эльбрус, 5642 м; Монблан, 4810 м; Антарктида – Винсон массиви, 4892 м; Австралия ва Океания – Жая, 4884 м; Австралия –Косцюшко тоғи, 2228 м) забт этиш дастурини якунлашга муваффақ бўлган биринчи аёл бўлган.