ХХР ҳукумати Fiat Chrysler автомобилсозлик компаниясининг Хитойдаги шўъба корхонасига 68699 дона Viaggio моделини қайтариб олишга кўрсатма берди. Синьхуа агентлигининг хабар қилишича, автомобилларнинг узатмалар қутисида нуқсонлар аниқлангани бунга сабаб бўлган.

"Автомашиналарнинг узатмалар қутисида носозлик аниқланган", - дея ХХР сифатни назорат қилиш, текшириш ва карантин Давлат бошқармаси ҳисоботидан иқтибос келтиради агентлик. Бошқармага кўра, бу нуқсон узатмалар қутисини бошқариш блокидаги микросхема ишини бузиши мумкин. Шу боис, хавфсизликка таҳдид пайдо бўлиш эҳтимоли мавжуд. 

Қайтариб олиш дастури 2017 йил 10 мартдан бошланади. Автомобилсозлик компанияси нуқсонни ўз ҳисобидан бартараф этади. Кўрсатмага мувофиқ, 2012 йил 26 августидан 2014 йил 14 октябргача ишлаб чиқилган Viaggio русумли машиналар қайтариб олинади.