Америка маъмуриятининг фикрича, Филиппин президенти Родриго Дутерте Қўшма Штатлар билан алоқаларга оид хавотирларга сабаб бўлувчи кўплаб баёнотлар бермоқда. Оқ уй матбуот котиби Жошуа Эрнест Дутертенинг АҚШ билан хайрлашишга тайёрлиги хусусида берган сўзларини изоҳлар экан, шундай фикрни билдирган. 

"АҚШ билан 70 йиллик алоқалар боғлаб турувчи давлат раҳбари бўлиш сизга маълум бир мажбуриятларни юклайди. Шу жумладан сиз ошкора баёнотлар бериш оқибатини яхши тушунишингиз керак бўлади. Биз сўнгги бир неча ойлар мобайнида президент Дутертенинг ташвиш уйғотувчи сўзларини кўп эшитаяпмиз", - деб қайд этган Америка раҳбари маъмуриятининг матбуот котиби. 

АҚШ ҳукумати нуқтаи-назарига кўра, Дутертенинг баёнотлари Америка-Филиппин муносабатларида "кераксиз ноаниқликни пайдо қилади". 

Аммо, Дутерте Америкага қарши қаратилган сўзларни айтаётганига қарамай, Вашингтонда ҳозирча мавжуд икки томонлама муносабатларни узиш бўйича "Филиппин ҳукуматидан бу борада аниқ баёнотларни эшитишмаган".  Бундан ташқари, Дутертенинг сўзларини "унинг ҳукуматидаги бошқа юқори лавозимли мулозимлар юмшатишган". 

Шу муносабат билан Манилага ташриф буюраётган АҚШ Давлат котибининг Шарқий Осиё ва Тинч океани минтақаси ишлари бўйича ўринбосари Дэниел Рассел, икки томонлама муносабатларда вужудга келаётган вазиятни Филиппин раҳбарлари билан муҳокама қилишни режалаштирган. 

Жошуа Эрнест, шунингдек, АҚШ Филиппин билан мавжуд "альянс доирасида ўз мажбуриятларини" бажаради. "Биз Филиппин давлати ҳам шундай йўл тутишини кутиб қоламиз", - дея қўшимча қилган Оқ уй матбуот котиби.
 
Вашингтон ва Манила 1951 йилда ўзаро мудофаа тўғрисидаги битимни имзолаган.  

Аввал хабар берганимиздек, Филиппин президенти Родриго Дутерте Хитойга ташрифи чоғида унинг мамлакати АҚШ билан «хайрлашадиган вақт» келганини қайд этган эди.

Дутерте расмий Маниланинг Ғарб кўрсатмасига монанд ташқи сиёсий йўналишидан «бўғзигача тўйгани» боис, уни ўзгартириш ниятида эканини таъкидлаган эди. У шунингдек, АҚШга бошқа бормаслигини, чунки «у ерда фақат ҳақоратланиши»ни билишини айтганди. Сўнгра, сўконғич Дутерте Обамани яна бир бор сийлаб «фоҳишанинг ўғли» деб атаганди.

Шундан сўнг, АҚШ Давлат департаменти Филиппин президентининг муносабатларни узиш тўғрисидаги баёноти нимани англатиши юзасидан изоҳ талаб қилишини билдирганди.