Россия-Европа коинот қурилмаси Schiaparelli Марсга қўниш вақтида унинг сиртига урилди. Бу ҳақда Европа коинот агентлиги (EKA) вакили Тьерри Бланкарга иқтибос келтирган ҳолда Франс Пресс ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Бланкарнинг айтишича, қурилманинг фалокатга учраганини Марс орбитасидаги АҚШга тегишли бўлган MRO (Mars Reconnaissance Orbiter) сунъий йўлдоши ёрдамида олинган сурат эвазига аниқлай олинди.

"Янги суратда Schiaparelli парашюти бўлиши мумкин бўлган оқ доғ ва қўндирилаётган қурилманинг режалаштирилгандан узоқроқ давом этган эркин тушиши вақтида ҳосил бўлган зарба сифатида қараш мумкин бўлган қора доғ бор", деб маълум қилди NASA.

Таъкидланишича, ЕКА ва NASA мутахассислари марсолёт билан нима содир бўлганини аниқлаш учун бу суратни яхшилаб ўрганиб чиқишмоқчи.

Эслатиб ўтамиз, Schiaparelli 19 октябрда Тошкент вақти билан соат 19:48 да Марсдаги Меридиана платосига қўниши керак бўлган. Бироқ қўниш вақтида қурилмадан келувчи  сигнал узилиб қолган.

Schiaparelli Европа коинот агентлиги ва Роскосмос билан биргаликда яратилган бўлиб, "ЭкзоМарс" миссиясига киради. Унинг мақсади Қизил сайёра сиртини ўрганиш ҳисобланади.