26 октябрь, чоршанба куни Нью-Йоркда Microsoft компаниясининг кузги тақдимоти бўлиб ўтади. Ушбу тақдимотда компаниядан янги қурилмалар ва дастурий таъминот билан боғлиқ қандай янгиликларни кутиш мумкин? "Лайфхакер" шулар ҳақида сўз юритди. 

Microsoft Surface PC моноблоки

Тармоқдаги оммавий ахборот воситалари Microsoft компанияси Surface линиясидаги янги қурилма - моноблокли персонал компьютер устида ишлаётганига шубҳа қилишмаяпти. Манбада таъкидланишича, бу сенсор ноутбук ёки планшет-трансформер эмас, "ҳаммаси биттада" бўлган тўлиқ ҳажмда ишловчи станциядир. Асосан  экран диагоналлари 21, 24 ва 27 дюйм бўлган уч модификация ҳақида сўз юритилмоқда.

Surface PC ҳақида бир неча йилдан бери гапирилмоқда. Тез орада қурилма кенг оммага тақдим қилинади чоғи. Моноблокли ПК билан бир тўпламда тақдим қилинадиган янги клавиатуранинг тарқалган суратлари бунга билвосита далил бўла олади. 

Клавиатура кулрангда бўлиб, компьютерга энергия тежовчи Bluetooth 4.0 Low Energy орқали уланади. Яқинда хакерлар симсиз манипуляторлардан маълумотларни "илиб олиш"ни ўрганиб олишди. Бунга жавобан Microsoft компаниясининг хавфсизлик бўйича ходимлари янги AES-шифрлаш алгоритмини ваъда қилишди. 

Ниҳоят, сўнгги пайтларда Microsoft дескпотларга жиддий қизиқиб қолди. Икки ой аввал редмондчилар модулли стол компьютерига патент буюрмасини беришган. Шуниси қизиқки, бу компьютернинг қисмларини қийинчиликсиз олиб, ўзгартириш мумкин экан. 

Патентдан реал маҳсулотгача анча иш қилиниши керак, албатта, лекин Microsoft'нинг нияти аён бўлади. 

Windows 10'ни янгилаш

Ҳойнаҳой, Microsoft компанияси Windows 10'нинг универсал кросс-платформали хусусияти ҳақида яна бир бор сўз очиш имконини қўлдан бой бермаса керак. Эҳтимол, бизга бегона ишлаб чиқарувчиларнинг телефон ёки ноутбукларини намойиш қилишар. 

Шу билан бирга компанияда дастурий таъминотни янгилашга тайёрланишмоқда, уларнинг релизи кейинги йилга мўлжалланган. Ёдингизда бўлса, август ойида фойдаланувчилар "Redstone 1" код номи остида Windows 10 Anniversary Update пакетига эга бўлишган эди. У бир неча жиддий ўзгаришларга олиб келди.

"Redstone 2" ҳақида ҳали кўп маълумот йўқ. У 2017 йилнинг май ойида янги тачпад ишоралари, таҳрирланган "Камера" дастури ва компьютер экранларидан уй учун HomeHub ақлли бошқарув муҳити билан биргаликда намойиш этилиши кутилмоқда.  

HomeHub уй ёрдамчиси

HomeHub уй ёрдамчиси — Amazon Echo услубидаги динамик ёки янги чиққан Google Home аналоги тадбир безаги бўлиши мумкин.

Ёрдамчи ўз аналоглари каби саволларга жавоб беради, бажарилиши керак бўлган ишларни эслатади ва маиший техника билан боғлиқ оддий ҳаракатларни амалга оширади. Гаджет телефонлар ва компьютерлар (Windows 10) билан ҳам дўстлашиб олади, албатта ва улар орқали медиафайлларга (суратлар, мусиқа ёки булутли ҳужжатлар) киришни амалга оширади. Рақобат қизғин бўлиши барчага аён, бу янгиликка бўлган қизиқишни янада кучайтиради. 

Янги Surface Pro 4 ва Surface Book

Экспертлар 26 октябрда янги Surface Pro планшети ёки Surface Book лэптопининг кейинги авлоди намойиш этилишига ишонишмайди. Қурилмалар кейинги йилнинг баҳорида тақдим этилиши кутилмоқда. 

Microsoft Surface Pro 4

Қурилмалар Kaby Lake таснифидаги энг янги процессорга эга бўлиши эҳтимоли юқори. Эслатиб ўтамиз, бу - Intel Core i3, i5 ва i7 процессорларининг еттинчи авлоди. Иссиқлик камроқ ажралади, нисбатан юқори такт частотаси ва юксак самарали графика - ҳаммаси одатдагидек, лекин савдони рағбатлантириш учун шунинг ўзи етарли. 

Win32 ўйинлари Windows Store'га келиб тушади

Умуман олганда, бу янгилик эмас, чунки илк Win32-дастурлар аллақачон Windows Store иловалар дўконига жойлаштирилган. 

Фақат бир нарса  ноаниқ: Microsoft раҳбарлари эътиборни айнан ўйинга қаратишадими ёки уни четлаб ўтишадими? Функция қизиқиш уйғотади, айниқса, Surface PC анонси кутилаётган бир пайтда. 

Microsoft Win32 классик ўйинлар ишлаб чиқарувчилари билан узвий ҳамкорлик қилади. Шундай экан, Windows Store'да Age of the Empires ёки The Settlers пайдо бўлса ажабмас.

Тақдимотда Microsoft Band билакузуклари ва Surface Phone телефонлари бўлмайди. Surface Phone телефонлари 2017 йилнинг охири ёки 2018 йилнинг баҳорида намойиш этилиши тахмин қилинмоқда.