19 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съездида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Республика Президенти вазифасини бажарувчи, Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев номзодини кўрсатиш ҳақида қарор қабул қилинди. Съездда Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастурининг асосий йўналишлари ҳақида маъруза қилди.

Шавкат Мирзиёев ўз маърузасида аҳоли бандлиги муаммоси ва эркин индустриал зоналар фаолиятига урғу берди.

«Ҳаммамизга маълумки, ҳозирги вақтда Навоий, Жиззах ва Ангрен ҳудудларида эркин индустриал зоналар самарали фаолият кўрсатмоқда. Берилган имтиёзлар корхоналар томонидан инновацион лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширишга имкон яратмоқда.

Бу ижобий тажрибани кенгайтириш мақсадида Ургут туманида ҳам эркин индустриал-иқтисодий зона ташкил этилмоқда. Яқин келгусида Қўқон шаҳри ва Ғиждувон туманида ҳам ана шундай ҳудудлар ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Аҳолимизнинг сони ва ёши таркибини ҳисобга олиб, аҳоли бандлиги муаммосига доир тизимли ишларни давом эттиришимиз зарур.

Яқинда Ҳукумат мажлисида депутат ва сенаторлар иштирокида 2017 йилда янги иш ўринлари ташкил этиш дастури лойиҳаси муҳокама қилинди.

Дастур 390 минг кишини доимий иш жойи билан, 200 минг кишини – қишлоқ хўжалиги ҳамда қурилишда мавсумий ва вақтинчалик иш билан, 309 минг кишини – шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликлари, ҳунармандчилик ва оилавий тадбиркорлик орқали иш билан таъминлашни назарда тутади.

Ушбу вазифаларни амалга оширишда ҳар доимгидек Либерал-демократик партия аъзоларининг фаол қўллаб-қувватлаши ва ёрдамига умид қиламиз», деган номзод.