Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши раиси, Ўзбекистон Президентлигига номзод Сарвар Отамуратов партиянинг V съездидаги маърузасида сайловолди дастурининг асосий ҳолатлари юзасидан маълумот берди. Маърузанинг тўлиқ матни партия расмий сайтида чоп этилди.

«Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг мақсади — миллий тикланишдан миллий юксалишга эришиш ғоясини амалга ошириш, ички сиёсатда иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланиши, халқимизнинг фаровонлиги ошиши, мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, ташқи сиёсатда миллий манфаатларни ҳимоялаш ва илгари суриш, Ўзбекистон халқининг миллий-маданий ва маънавий-ахлоқий қадриятлари, урф-одатларини сақлаш ва бойитишдан иборат. Ана шундай эзгу мақсадларга эришиш учун қуйидаги вазифаларни ҳал этишни сайловолди Дастурга киритмоқдамиз», — деди у.

«Халқимизнинг бетакрор ва улуғвор тарихий, маданий ва интеллектуал мероси, маданияти ва анъаналарини асраб-авайлаш ва бойитиш, унинг ютуқларини нав­қирон ва баркамол авлод орасида кенг тарғиб қилиш тарафдоримиз. Миллий манфаатлар ва миллий қадриятларимиз ҳимояси — бизнинг бош вазифамиздир. «Ўз тарихини билмайдиган, кечаги кунини унутган миллатнинг келажаги йўқ» тамойили асосида халқимиз тарихини холис ва тизимли ўрганиш, бу борада ўзбек халқининг тарихий ўтмиши ва бугунги кунини баҳолашда бир­ёқлама ёндашувларга, нохолисликка йўл қўймаслик, Ўзбекистон тарихининг бузиб, сохталаштириб талқин этилишига қарши курашамиз, — қўшимча қилди Сарвар Отамуратов.

Сарвар Отамуратов транспорт-экспедиторлик компанияларига имтиёзлар бериш ҳамда лизинг тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш заруратини ҳам қайд этди.

«Кўпчилик яхши билади, Ўзбекистон нафақат тўғридан-тўғри дунё денгизларига чиқа олмайди, балки тўғридан-тўғри денгизга чиқадиган давлат билан ҳам чегарадош эмас. Дунёда ана шундай мураккаб географик ўринда жойлашган икки мамлакатдан бири Ўзбекистондир. Яна бир нарсани яхши биламизки, дунёда энг арзон йўл — бу денгиз йўлидир», — деди у.

«Бундан ташқари, Ўзбекистонда транспорт хизматларининг нархи сезиларли даражада юқори. Тадқиқотларга қараганда бугунги кунда 20 тонна маҳсулотни 500 километр масофага автомобилда ташиш таннархи Ўзбекистонда 1 километр учун 1,75 долларни ташкил этмоқда. Таққослаш учун: қўшни давлатларда бу кўрсаткич 0,7 доллардан 1,3 долларгача. Юқорида айтиб ўтилган масалалар билан бир қаторда логистика инфратузилмасининг суст ривожлангани, миллий маҳсулотни жаҳон бозорига олиб чиқишда талаб этиладиган ҳужжатларнинг кўплиги, уларни кўриб чиқиш муддатларининг узоқлиги ва қимматлиги муаммоси ҳам мавжуд. Буларнинг барчаси мамлакат экспорт салоҳиятини оширишга тўсқинлик қилмоқда ва ташқи бозорда маҳсулотларимизнинг таннархи сунъий ошишига олиб келмоқда», — қўшимча қилди сиёсатчи.

«Шундан келиб чиқиб, биз транспорт-экспедиторлик фаолияти билан шуғулланувчи компанияларга имтиёзлар бериш, йирик юк ташувчи автомобилларни лизингга бериш тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш зарур, деб ҳисоблаймиз. Шу билан бирга, божхона хизматлари нархини камайтириш ва чегарадан ўтиш тартибини соддалаштириш юзасидан иш олиб борамиз. Миллий бозорни сифати паст, халқаро андозаларга мос келмайдиган маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) дан муҳофаза этиш, қулай ва жозибадор сармоя муҳитини шакллантиришнинг ҳуқуқий асосларини кучайтиришни долзарб вазифамиз, деб биламиз. Биз халқимизни, айниқса, ёшларнинг бевосита Ватанимизда ишлаб чиқарилаётган замонавий ва сифатли кийим-кечакка бўлган эҳтиёжини қондириш, енгил ва ихчам тўқимачилик корхоналарининг сонини кўпайтириш, уларга маҳаллий хом­ашёни чуқур қайта ишлайдиган замонавий технологияларни жорий қилишни қўллаб-қувватлаймиз», — таъкидлади Сарвар Отамуратов.

Шунингдек, у давлат компаниялари ва давлат улуши устунлик қиладиган корхоналарнинг молия-хўжалик фаолияти шаффофлигини таъминлаш орқали уларнинг фаолият самарадорлигини ошириш, ички хусусий инвестицияларни миллий иқтисодиётга йўналтиришни янада кенгайтиришзамон талабига айланаётганини айтиб ўтди.