АҚШнинг SpaceX компанияси раҳбари, тадбиркор Илон Маск Reddit сайти фойдаланувчилари саволларига жавоб берди. Маск жумладан Falcon 9 ракета-ташувчиларидан такроран фойдаланиш истиқболлари ҳақида гапириб берди. Бу ҳақда Space News нашри хабар бермоқда.

"Фикримча, Falcon 9’нинг биринчи босқичи техник хизмат кўрсатиш ва синчков кузатув имкон бергунча чексиз марта ишлатилиши мумкин", деб ёзди Маск. 

Маск компания Falcon 9’нинг кўп маротабалик фойдаланиш учун оптималлаштирилган бешинчи ва охирги модификациясини ишлаб чиққанини маълум қилди. Бундай ташувчиларнинг ишлаб чиқарилиши яқин уч ойда кутилмоқда.   

SpaceX компанияси ўрта синфдаги Falcon 9 ракеталари ва Dragon космик юк кемаларини ишлаб чиқаради. Маскнинг режаларига одамзотни Марсга юбориш учун сайёралараро транспорт тизими ITS’ни яратиш ҳам киради.