Златан Ибраҳимович («Манчестер Юнайтед»), Андрес Иньеста («Барселона»), Коке («Атлетико»), Тони Кроос («Реал»), Роберт Левандовски («Бавария») каби футболчилар ҳам France Football томонидан топшириладиган «Олтин тўп» совринига номзодлар рўйхатига киритилди.

Бунгача Серхио Агуэро («Манчестер Сити»), Пьер-Эмерик Обамеянг («Боруссия» Дортмунд), Гарет Бэйл («Реал»), Жанлуижи Буффон («Ювентус»), Криштиану Роналду («Реал»), Кевин де Брюйне («Манчестер Сити»), Пауло Дибала («Ювентус»), Диего Годин, Антуан Гризманн («Атлетико»), Гонсало Игуаин («Ювентус» / «Наполи») каби футболчилардан иборат ўнталик маълум бўлганди.

Яна 15 нафар футболчи номи кун давомида маълум қилинади.

Бундан олдинроқ ФИФА ва France Football «Олтин тўп» эгасини аниқлаш ва тақдирлаш бўйича 5 йиллик келишув муддати тугаганини маълум қилганди. Журнал 1956 йилдан 2009 йилгача журналистларнинг овоз беришлари орқали ғолибни аниқлаганди. 2010 йилдан буён эса мукофот ФИФА томонидан топшириладиган бўлди. Бу ҳолатда индивидуал мукофот ғолибини аниқлашда ОАВ вакилларидан ташқари бутун дунёдаги терма жамоаларнинг бош мураббийлари ҳамда терма жамоаларнинг сардорлари иштирок этиши жорий қилинди.

Қайд этиш керакки, бу йилги ғолибликка асосий даъвогар сифатида Роналду номи келтирилмоқда. У 2015/16 йилги мавсумда «Реал» билан ЕЧЛ соҳиби, Португалия термаси билан эса Европа чемпиони бўлганди.

Месси эса Аргентина терма жамоаси билан Америка Кубоги финалида ютқазди, «Барселона» билан ҳам халқаро майдонда муваффақиятга эриша олмади.