Мальта аэропортида 24 октябрь куни енгил моторли самолёт қулаб тушиши оқибатида 5 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Airlive порталида хабар қилинган.

Fairchild Swearingen Metroliner SA227-AT русумли бу самолёт Ливия шимоли-ғарбидаги Мисурота шаҳрига йўл олганди. Самолёт ҳавога кўтарилиши биланоқ шўнғий бошлаган ва ерга тушиб портлаб кетган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳаво кемаси бортида Евроиттифоқ чегара хизматининг (Frontex) мансабдорлари бўлган. Лекин ҳозирча бу маълумот тасдиқланмади.

Айни вақтда Мальта аэропорти фаолияти тўхтатилган. Раҳбарият бу ҳолат учун йўловчилардан узр сўраб, тушунтириш берди.