France Football нашри «Олтин тўп-2016» учун номзодларнинг иккинчи рўйхатини эълон қилди.

Эндиликда «Олтин тўп-2016» мукофоти олиши мумкин бўлган футболчилар қаторида бунгача эълон қилинган 5 номдан ташқари яна 5 футболчи номи бор. Лекин бу рўйхатда ҳанузгача Лионель Месси номи йўқ.

Айни вақтда ўнталик рўйхатни Серхио Агуэро («Манчестер Сити»), Пьер-Эмерик Обамеянг («Боруссия» Дортмунд), Гарет Бэйл («Реал»), Жанлуиджи Буффон («Ювентус»), Криштиану Роналду («Реал»), Кевин де Брюйне («Манчестер Сити»), Пауло Дибала («Ювентус»), Диего Годин, Антуан Гризманн (иккиси – «Атлетико»), Гонсало Ҳигуаин («Ювентус» / «Наполи») каби футболчилар ташкил қилиб турибди.

Кун давомида яна 20 футболчи номи ошкор қилинади.

Бундан олдинроқ ФИФА ва France Football «Олтин тўп» эгасини аниқлаш ва тақдирлаш бўйича 5 йиллик келишув муддати тугаганини маълум қилганди. Журнал 1956 йилдан 2009 йилгача журналистларнинг овоз беришлари орқали ғолибни аниқлаганди. 2010 йилдан буён эса мукофот ФИФА томонидан топшириладиган бўлди. Бу ҳолатда индивидуал мукофот ғолибини аниқлашда ОАВ вакилларидан ташқари бутун дунёдаги терма жамоаларнинг бош мураббийлари ҳамда терма жамоаларнинг сардорлари иштирок этиши жорий қилинди.

Нашр ҳар соатда 5 нафардан «Олтин тўп»га давогарлар рўйхатини эълон қилиб боради.

Қайд этиш керакки, бу йилги ғолибликка асосий даъвогар сифатида Роналду номи келтирилмоқда. У 2015/16 йилги мавсумда «Реал» билан ЕЧЛ соҳиби, Португалия термаси билан эса Европа чемпиони бўлганди.

Месси эса Аргентина терма жамоаси билан Америка Кубоги финалида ютқазди, «Барселона» билан ҳам халқаро майдонда муваффақиятга эриша олмади.