Германия ҳукумати Туркияда муваффақиятсиз амалга оширилган давлат тўнтарувига уринишдан кейин Туркия дипломатик паспортига эга бўлган 35 киши Германияда бошпана сўраганини маълум қилди. Бу ҳақда 24 октябрда Германия ички ишлар вазирлиги вакили Йоханнес Димрот айтди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги. 

Бошпана сўраганлар орасига нафақат дипломатлар, балки уларнинг оилалари аъзолари ҳам киради. Туркия ҳукумати бу дипломатларни экстрадиция қилиш илтимоси билан немис ҳукуматига мурожаат қилгани ҳақида маълумот берилмаган. 

Associated Press ахборот агентлигининг таъкидлашича, Анқара дипломатларни АҚШда яшовчи турк мухолифи Фатҳуллоҳ Гулен билан алоқадорликда гумон қилаётган бўлиши мумкин.