Филиппин Родриго Дутерте чоршанба куни Японияга уюштирган сафари вақтида Токиодаги ватандошлари билан учрашди. У бу учрашув вақтида ўзини танқид қилаётган Ғарб мамлакатлари сиёсатчиларини "тентаклар" деб атаган. Бу ҳақда Япониядаги Киодо агентлиги хабар берди.

Токиога келиши билан Филиппин раҳбари Японияда яшаб келаётган минглаб филиппинликлар билан учрашган. Филиппинликлар уни илиқ кутиб олишган. Токиодаги меҳмонхона заллари учрашувга келганларнинг барчасини сиғдира олмагач, юзлаб кишилар президентнинг сўзларини тинглаш учун кўчада туришга рози бўлган.

Дутерте Япония Филиппиннинг "асосий ёрдамчиси" эканини қайд этган ва Япония томонидан ўзига нисбатан ёмон сўзлар айтилмаётганини эътироф этган.

Шу билан бирга у АҚШ ва Ғарб мамлакатлари вакилларига қарата аёвсиз сўзларини йўллаган.

"Евроиттифоқ ва АҚШ менга ҳужум қилишмоқда. Улар айтишмоқдаки, гиёҳвандликка қарши тадбирлар доирасида 3 минг киши ҳалок бўлган. Бу тентаклар ҳеч нарсани тушунмайди. Филиппинда 3 миллион наркоман бор. Мана рақамлар қанақа", — деган Дутерте.

Японияда 230 минг филиппинлик яшайди. Филиппинда президент нуфузи 86 фоизга етган.

Япониядагилар Филиппиннинг Хитой билан яқинлашуви ҳамда японларнинг эски иттифоқчиси АҚШ билан муносабатларни ёмонлаштиришидан ташвишга тушишган. Бу масала Жанубий Хитой денгизидаги хавфсизлик ва минтақадаги бошқа муаммоларга ҳам тааллуқлидир.

Дутерте ишчи ташриф давомида Япония ТИВ раҳбари Фумио Кисидо билан учрашган. Томонлар дўстона алоқаларни давом эттириш тарафдори экани таъкидланган. Дутерте ташриф давомида Япония бош вазири Шинзо Абэ билан ҳам учрашди.

Шу йилнинг майида Филиппин президенти этиб сайланган Родриго Дутерте илк кунларданоқ гиёҳвандлик муаммосига қарши кенг кўламли кураш бошлади. Полиция маълумотларига асосан, унинг ҳокимият тепасига келганидан буён 3 минг киши гиёҳванд моддалар савдосига алоқадорлиги учун ўлдирилган.

Халқаро ҳамжамият Филиппин ҳукуматининг бу сиёсатини қаттиқ қоралаб келмоқда.