«Барселона» жамоасининг собиқ ярим ҳимоячиси Хави Эрнандес «Манчестер Юнайтед» ва «Манчестер Сити» жамоалари ўртасида 26 октябрь куни Англия лигаси кубоги доирасида кечадиган учрашув арафасида бу икки жамоа мураббийлари Жозе Моуриньо ҳамда Хосеп Гвардиола қарама-қаршилиги ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди.

«Моуриньонинг ишлари кўнгилдагидек кетмаса, у футбол ўйнаш ўрнига уруш истаб қолади. У «Реал»далигида шундай бўлган. Умид қиламанки, Англияда бундай ҳолатни кўрмаймиз

Лекин мен Пеп ва Моуриньо ўртасидаги қарама-қаршиликнинг янги босқичи бошланганини футбол учун фойдали деб ҳисоблайман. Айниқса бу Англия футболи учун яхши. Улар иккиси ҳам замонавий футболнинг энг кучли мураббийлари ва уларнинг дуэли, рақобати - футболдаги энг яхшисидир.

Лекин олдиндаги ўйинга икки томон ҳам бор кучини ташлашига ишонмайман, улар бу турнирни жиддий қабул қилмасликлари тайин», – дея Хавининг сўзларини келтирган Daily Mirror.

Англия Лига Кубогининг 1/8 финали доирасидаги «Манчестер Юнайтед» – «Манчестер Сити» баҳси Тошкент вақти билан 26 октябрь куни соат 23:55да бошланади.

Маълумот учун, Жозе Моуриньо 2010–2013 йиллар давомида «Реал» бош мураббийи лавозимида ишлаган. Унинг Мадрид клуби бошқаруви вақтида «Реал» ва «Барселона» клублари ўртасидаги муносабатлар майдон ичида ва ташқарисида доим таранг бўлган.

Манба: Tribuna.uz