Маданият ва Спорт вазири 30 нафардан ортиқ раҳбар кадрга нисбатан интизомий жазолар белгилади

Маданият 25 Октябрь 2016 20648
Фото: Маданият ва Спорт вазирлиги матбуот хизмати

22 октябрь куни Ўзбекистон давлат Консерваториясида Маданият ва спорт ишлари вазирлиги фаолиятининг 2016 йил 9 ойлик якунларига бағишланган кенгайтирилган Ҳайъат мажлиси ўтказилди.

Вазирлик матбуот хизмати хабар қилишича, кескин танқидий руҳда ўтказилган  йиғилишида Маданият ва Спорт вазирлиги таркибига кирувчи барча муассасалар, вилоят ва туман бўлимлари вакиллари, жами 454 нафар катта ва кичик раҳбар кадрлар иштирок этган.

Маданият ва спорт ишлари вазири Баҳодир Аҳмедов вазирликнинг 2016 йил 9 ойлик фаолияти якунлари таҳлили ва навбатдаги устувор вазифалар тўғрисида маъруза қилган.

Баҳодир Аҳмедов айниқса,  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 июндаги "2013-2018 йилларда замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 178-сон ҳамда 2010 йил 29 декабрдаги "2011-2015 йилларда маданият ва истироҳат боғларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги 322-сон қарорлари ижроси ҳолатига кескин танқидий –таҳлилий руҳда тўхталди. Шунингдек, Республика музейлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш,  аҳолини мазмунли дам олишини ташкил этиш, ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий ва эстетик тарбиялашдаги ролини ошириш борасида амалга ошираётган чораларнинг натижадорлигига алоҳида урғу берган.

"Вазирлар Маҳкамасининг 178 –қарорида белгиланган, 2018 йил якунигача 894та замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказлари ташкил этилиши лозим. Бугунги кунга қадар эса Республика бўйича 189та Марказлар тўлиқ таъмирланди ва фойдаланишга топширилди. Ушбу ишларга 106,0 млрд.дан зиёд маҳаллий бюджет маблағи сарфланган. 2013-2015 йилларда таъмирлаш ва жиҳозлаш белгиланган 247та маданият ва аҳоли дам олиш марказларидан 58таси (24 фоиз) фойдаланишга топширилмаган. Кўриб турганингиздек, вазифалар тўлиқ  бажарилмаган. Демак, ҳудудларда қарор ижроси бўйича жиддий камчиликларга йўл қўйилмоқда.

Афсуски, аксарият ҳудудларда олиб борилаётган ишлар қониқарсиз, талабга жавоб бермайди", — деган вазир.  

Юқорида айтиб ўтилган сабабларга кўра, ўз вазифасига нисбатан лоқайдсизларча ёндашган 30 нафардан ортиқ раҳбар кадрларга нисбатан интизомий жазолар белгиланган.

Мажлисда вазирлик тизимида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижросини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонасига келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш ва уларни ҳал этиш масалалари ҳам танқидий равишда кўриб чиқилди ва муҳокама этилган.

Мажлис сўнгида, кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинган.

Кўпроқ янгиликлар