France Football ўз сайти ўқувчилари орасида бу йилги «Олтин тўп»ни ким олиши бўйича сўровнома ўтказмоқда.

Ҳозиргача сўровномада қатнашган мухлисларнинг 32 фоизи «Барселона» ҳужумчиси Лионель Мессига овоз берган.

Иккинчи ўринда «Лестер»нинг жазоирлик яримҳимоячиси, ўтган мавсумда АПЛнинг энг яхши футболчиси бўлган Риёз Маҳрез кетмоқда. У 30 фоиз овоз тўплаган. Ғолиблик учун асосий даъвогар сифатида қаралган, «Реал» билан ўтган мавсумда ЕЧЛ ғолиби бўлиб, Португалия термаси билан Европа чемпионлигига эришган Криштиану Роналду эса кутилмаганда учинчи ўринда - 24 фоиз.

Тўртинчи натижани эса Португалия терма жамоаси дарвозабони Руи Патрисиу қайд этган - 3 фоиз.

Қолган 26 нафар номзоднинг ҳеч бири ҳозирча 2 фоиздан ортиқ овоз тўпламади.

Мадриддаги Marca газетаси ҳам шунга ўхшаш сўров ўтказмоқда, унда 100 мингдан ортиқ киши иштирок этди.

Бу сўровномада 58 фоизлик натижа билан Месси барчадан илгарилаб кетган, Криштиану Роналду 26,6 фоиз овоз олган бўлса, учинчи ўринда «Атлетико» ҳужумчиси Антуан Гризманн (3,24 фоиз).

Манба: Tribuna.uz