Ўзбекистон бир қатор қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажми бўйича дунёда етакчи ўнта давлатдан бирига айланди

Иқтисодиёт 25 Октябрь 2016 10906

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йил июнь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқидан олинган бу сўзларни ҳар бир юртдошимиз, айниқса, фермеру тадбиркорлар яхши эслайди. 

“Жаҳонда камдан-кам учрайдиган табиий ва тупроқ-иқлим шароитларининг уйғунлиги туфайли дунёдаги энг мазали ва энг фойдали мева-сабзавотлар фақат бизнинг минтақамизда етиштирилиши мумкин.

Шунинг учун ҳам саховатли ўзбек заминида етиштириладиган мева ва сабзавотлар юқори нуфузга эга бўлган ҳақиқий брендга – товар белгисига айланиб, бу маҳсулотларни сотиб оладиган мамлакатларда улар юксак рақобатдошлиги билан ажралиб туради...”

Ислом Каримов раҳнамолигида аграр соҳани равнақ топтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ер ҳақиқий эгасини топди, янги боғлар барпо этилиб, озиқ-овқат экинлари майдони кенгайтирилди. Ҳаёт тарзимиз, ерга муносабатимиз тубдан ўзгарди. Деҳқончиликнинг катта илм, ўзига хос маданият эканлиги англаб етилди.

2006 йил 11 январдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасини ислоҳ қилиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларини жорий қилиш ва фермерлик ҳаракатининг янада ривожланиши учун кенг йўл очиб берди. Натижада интенсив технологиялар жорий қилиниб, сифатли ва мўл ҳосил етиштирилмоқда. Аҳолининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи тўлиқ қондирилибгина қолмасдан, ташқи бозорга ҳам маҳсулот чиқариш йўлга қўйилди. Экспорт географияси тобора кенгаймоқда. ЎзА шу мавзуга тўхталиб ўтди.

Халқаро мутахассисларнинг эътирофича, юртимизда етиштирилган мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари мазаси ширинлиги, хуштаъмлиги, энг асосийси, фойдали ва тўйимлилиги билан жаҳон бозорида жуда харидоргир.

– Жорий йилнинг ёзида пойтахтимизда бўлиб ўтган Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси бизда катта таассурот қолдирди, – дейди Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги “Экоагропродукт” фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Қаҳрамон Илҳомбеков. – Нуфузли тадбирнинг хорижлик иштирокчилари бизнинг боғимизга ҳам келди. 140 гектар майдондаги интенсив боғда ғарқ пишган олма, олхўри, ўрик, нок, шафтоли, гилос каби мевалар меҳмонларга жуда манзур бўлди. Офтоб нуридан ранг олган, ҳиди димоғингизни қитиқлайдиган мевалар кимни мафтун этмайди, дейсиз. Маҳсулотларимизни МДҲ ва Европа мамлакатларига экспорт қилмоқдамиз.

Юртимиз тупроғи олтинга тенг. Буни даланинг ўзиданоқ сараланиб экспортга жўнатилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмининг кундан-кунга ортиб бораётгани ҳам ифодалаб турибди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини кўллаб-қувватлаш жамғармаси кўмагида жорий йилнинг ўтган даврида 2 миллиард 184 миллион долларлик шартномалар имзолангани бунинг ёрқин исботидир.

Юртимизда сахий қуёш тафтида пишиб етилган, маҳаллий корхоналарда «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» белгиси билан экспорт қилинаётган маҳсулотлар дунёда бренд даражасига кўтарилиб, харидорлар эътиборини тортаётгани бор гап.

Тошкентда бўлиб ўтган Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида бунга яна бир бор гувоҳ бўлдик. 

– Мана бу қовунни бир ҳидлаб кўринг-а, фаранг атридан қолишмайди-я, – дейди Испаниянинг “Lendel Media Solutions” компанияси халқаро тижорат менежери Раул Мир Солл. – Мазасини айтмайсизми?! Хоразмда етиштирилган бу қовунлар бизга жуда ёқди.

– Тадбиркорларга яратилган шароитлардан унумли фойдаланган корхоналардан бири – “Хоразм қовунлари” масъулияти чекланган жамияти замонавий ускуналар кўмагида Жанубий Кореяга қовун экспортини йўлга қўйди, – дейди Хоразм вилояти ҳудудларни комплекс ривожлантириш йиғма бошқармаси бошлиғи Даврон Собиров. – Вилоятимиздаги 30 корхона жорий йилнинг тўққиз ойида 7,9 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилди. Йил охирига қадар яна 5,7 миллион долларлик маҳсулот хорижга етказиб берилади.

Шаҳрисабз туманидаги “Шаҳрисабз мева-сабзавот” агрофирмаси жорий йил ҳисобидан чет эллик ҳамкорлар билан маҳсулот савдосини амалга ошириш бўйича келишувга эга.

– Айни вақтда ҳамкорларимизга қарийб 80 минг долларлик маҳсулот етказиб бердик, – дейди агрофирма раҳбари Саиджон Шокиров. – Яқин орада 60 тоннага яқин хурмо ва узум жўнатамиз. Россияга ёнғоқ, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистонга мош экспорти бўйича келишиб олганмиз. Корхонамизда мева қуритишни йўлга қўйиб, олма ва олхўрини табиий усулда қуритдик. Саралаб, қутиларга жойланган бу маҳсулотларнинг ҳам харидори тайин. Уфа шаҳрида савдо уйимизни очдик.

– Хўжалигимиз узумчиликка ихтисослашган, – дейди Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги “Жаф” фермер хўжалиги раҳбари Асатилла Жўраев. – 80 гектар майдонга узумнинг оқ ҳамда қора кишмиш навларини экканмиз. Ҳосилнинг катта қисмини қуритиб, ҳар йили ўртача 4-5 тонна майиз оламиз. Жорий йилда Россияга 40 тонна узум экспорт қилдик. Бирлашган Араб Амирликлари билан 136 минг 700 доллар ва Хитойга 160 минг долларлик майиз етказиб бериш борасида шартномамиз бор. 

Авваллари мевалар пишиш мавсумига қараб баҳоланарди. Пишиқчилик вақтида арзон ноз-неъматлар қишда “анқонинг уруғи”га айланар, бирор жойдан суриштирсангиз “ҳозир мавсуми бўлмаган нарсани сўраяпсиз-да”, деб жавоб қайтарарди. Кейинги йилларда бозорларда сотилаётган мева-сабзавотларга нисбатан “мавсум” сўзини ишлатиш ижобий маънода урфдан қолмоқда. Сабаби, боғбону соҳибкорларнинг фидокорона меҳнати эвазига етиштирилган ноз-неъматларни йил давомида сақлаш инфратузилмаси шаклланди. Жойларда ишга туширилган совутгичлар бозорларимизнинг қишда ҳам ёздагидек файзли бўлишини таъминламоқда.

Бир вақтлари етиштирган маҳсулотининг кўпгина қисми нест-нобуд бўлишидан азият чеккан соҳибкор, эндиликда уларни совутиш омборларида сақламоқда. Бу инфратузилма борган сари такомиллашиб бормоқда. Мисол учун, ўтган йилда 77 минг 800 тонна сиғимга эга 114 янги совутиш камераси қурилди. Мавжудлари ҳам замонавий тарзда модернизация қилингач, мева-сабзавот сақлашнинг умумий қуввати 832 минг тоннага етди. Бу ички бозорда нарх-навони барқарор ушлаб туриш ва кузги-қишки мавсумда ушбу маҳсулотларни экспорт қилишни кафолатли таъминлаш имконини бермоқда.

Бугун маҳсулотларимиз йилнинг исталган вақтида хорижий мамлакатларга жўнатилмоқда. Норвегия, Вьетнам, Таиланд, Бразилия, Кипр, Македония, АҚШ ва Лотин Америкаси давлатлари аҳолиси ҳам Ўзбекистон миришкорлари етиштирган маҳсулотларни севиб истеъмол қилмоқда.

Бундан 25 йил муқаддам асосий озиқ-овқат маҳсулотларини импорт ҳисобидан қоплаган Ўзбекистон эндиликда аҳолининг кундалик истеъмол товарларига бўлган талабини юртимизда етиштирилган маҳсулотлар ҳисобидан таъминлаб, экспорт ҳажмини ҳам ошириш имконига эга бўлди. Ўзбекистон ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ ва бошқа кўплаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспортга чиқариш ҳажми бўйича дунёда етакчи ўнта давлатдан бирига айланди. Жаҳоннинг 80 давлатига 180 турдан ортиқ сархил мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотлар етказиб берилмоқда.

Маҳсулот қанчалик сифатли бўлса, экспорт кўлами ҳам шунча ошади. Бундан барча бирдек манфаатдор. Ҳудудларда янги ишлаб чиқариш корхоналари, хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этилади. Кўплаб иш ўринлари яратилади. Бу халқимиз фаровонлигининг янада ортиши, иқтисодиётимизнинг равнақ топишига хизмат қилади.

Кўпроқ янгиликлар