Голливуд актёри Арнольд Шварценеггер Қадимий Хитой билан боғлиқ бўлган Саньсиндуй харобалари ҳақидаги "Саньсиндуй меҳмони" (The Guest of Sanxingdui) деб номланган фильмда бош ролни ижро этади.

Саньсиндуй харобалари Сичуань вилояти Гуанъхань уездидаги қадимий Шу князлиги ўрнида жойлашган. Маҳаллий деҳқонлардан бири уни 1929 йилда ўра қазиётганда аниқлаган ва шу жойда нефритдан ишланган буюмларни учратган. Хитойда харобалар "оламнинг тўққизинчи мўъжизаси" деб аталади.

"Синьхуа" ахборот агентлиги хабар беришича, янги фильмга сармоя қилинадиган маблағ 200 млн долларга баҳоланмоқда. Суратга олиш ишлари кейинги йил мартида бошланади ва икки йил давом этади. Фильм 3D форматда суратга олинади.

Шварценеггер шунингдек фильмга продюсерлик қилади, фильм халқаро аҳамиятга эга бўлади ва дунёни Саньсиндуй маданияти билан таништиришга имкон беради. Ахборот агентлиги маълумотларига кўра, америкалик актёр шунингдек Саньсиндуй харобалари элчиси этиб тайинланган.

Саньсиндуй маданияти милоддан аввалги 28-асрдан 8-асргача мавжуд бўлган. Харобаларда кўплаб осори-атиқалар: олтин ва бронза ниқоблар, нефрит, фил суягидан ишланган буюмлар, ҳайкаллар топилган.