Британиялик ўзининг болаликдаги тангалар коллекциясида Queen Anne Vigo деб номланган 300 минг долларлик танга топиб олди, деб хабар бермоқда Daily Мail.

35 ёшли хартфордширлик эркак ўз ўғлига ақчадонни – унга бобоси бир пайтлар совға қилган тангалар солинган қопчали сандиқчани бермоқчи бўлган.

Қопчадаги бир неча антиқа танга эркакнинг диққатини тортган ва у тангаларни мутахассисга кўрсатишга қарор қилган.

Аукциончи олтин тангани кўздан кечириб, унинг нархи чорак миллион фунт стерлинг туришини маълум қилган.

Эркакнинг айтишича, унинг бобоси кўп саёҳат қилган ва қароқчилар ўйини учун мўлжалланган "хазиналар" қопчасини совға қилиб қолдирган.

1703 йилга мансуб бу тангадан дунёда бор-йўғи 20 та яратилган (42 грамм соф олтин). 

Ноёб танга эгаси уни 16 ноябрдаги аукционда сотмоқчи.