NYT нашри Обама лавозимидан кетгач нима қилишини аниқлади

Жаҳон 26 Октябрь 2016 12289
Фото: © РИА Новости

АҚШ президенти Барак Обама лавозимидан кетгач, Силикон водийсидаги юқори технологиялар соҳасида ишлаши мумкин. Унинг ваколатлари 2017 йил 20 январида поёнига етади, деб ёзмоқда The New York Times газетаси.

Америкада чоп этилувчи нашр журналистлари ёзишича, Обама қўл остидагилар ўтган йил мобайнида Калифорния штатидаги юқори технологияларни ривожлантириш марказига 10 марталар ташриф буюрган. Эҳтимол бу АҚШ президентига келажагини режалаштиришда ёрдам бериш мақсадида амалга оширилгандир. 

"Обама давлат раҳбарлигидан кетгач, диққатини янги технологияларга қаратса, ҳайрон бўлмасдим", — деган AOL компанияси асосчиларидан бири Стив Кейс.

The New York Times газетасининг қайд этишича, Америка президентининг қатор тарафдорлари аллақачон Uber, Amazon, GoFundMe ва Apple каби компанияларда фаолият юритиб келади.

Бундан ташқари, нашр Обаманинг фазо соҳасига ҳам қизиқишини ёдга олган. Обама келгусида бу соҳада ҳам кучини синаб кўриши эҳтимолдан холи эмас. Аввалроқ, у 2030 йилга бориб Марсга экспедицияларни ташкил этиш борасида ҳукуматнинг тадбиркорлар билан ҳамкорлиги ҳақида сўз юритган эди. 

"Аммо, Оқ уй ходимлари Барак Обаманинг 21 январдан кейинги режаларига ойдинлик киритишдан бош тортишди", — деб ёзган газета. 

АҚШ президентининг фан ва технологиялар соҳаси бўйича собиқ ёрдамчиси Фил Ларсон эса, Обамани "технологияларга қизиқувчи президент" дея таърифлаган.

Кўпроқ янгиликлар