Жанубий Корея ва нидерландиялик олимлар, Нидерландиянинг Гронинген вилоятида даҳшатли зилзила юз бериши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Улар Европа истеъмол қиладиган табиий газнинг 10 фоизга яқини қазиб олинадиган ҳудудни ўрганишгани ҳақида arXiv.org сайтида эълон қилишган.

Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилга келиб, йилига камида бир марта 4 баллдан юқори ер силкинишлари рўй беради. 2025 йилда 5 баллдан юқори зилзила юз бериши эҳтимоли бир фоизга тенг. 

Мутахассислар Гронинген вилоятида сўнгги 10 йил мобайнидаги сейсмик фаоллик ўсиш суръатлари ва геофизик тадқиқотлар натижаларини таҳлил қилиб, лаборатория тажрибалари ўтказгач, шундай хулосага келишган. Олинган натижаларни Гутенберг-Рихтер боғлиқлигини ҳисоблаб чиқишда фойдаланишган. У зилзилалар даврийлиги ва кучи ўртасидаги алоқани акс эттиради. 

Гронинген вилоятида табиий газ кони захираси бўйича дунёда саккизинчи ўринда туради. Унинг ишга туширилиши билан 1970 йилларда мамлакатда «голландия хасталиги» тушунчаси —  иқтисодиётнинг табиий захираларни қазиб олишга ўта боғлиқликни англатувчи ибора пайдо бўлганди. 

600 мингга яқин киши истиқомат қилувчи Гронинген вилоятининг катта қисми денгиз сатҳидан пастда жойлашган. Табиий газнинг фаол қазиб олиниши натижасида ер юзаси чўкмоқда. 1986 йилдан бери 3,6 баллгача техноген зилзилалар рўй бериб туради.