Жанубий Корея прокуратураси нотижорат фондларда тинтув ишларини ўтказди. Маълумотларга кўра, бу мамлакат президентининг яқин дугонаси билан боғлиқ бўлиши мумкин. Рёнхап агентлиги шу ҳақида хабар берди. 

Тинтув жами тўққиз тузилмага доир бўлган, Mir Foundation ва K-Sports фонди шулар жумласидандир. Компаниялар баъзи бизнес-корпорациялардан Корея саноатчилар федерацияси кўмагида 70 миллион доллар йиғиб олганликда гумон қилинмоқда. 

Манбага кўра, бу пуллар махфий равишда Жанубий Корея ҳозирги маъмуриятининг "саҳна ортидаги брокери" ҳисобланган Цой Сун Силга жўнатилган. Шунингдек прокуратура унинг уйида ва Федерациядаги штаб-квартирасида ҳам рейд ўтказмоқда. 

Сеул прокурорлари мамлакат раҳбари Пак Кин Хе омма олдида президент чиқишларидаги матнларнинг расман ўқилишидан олдин тарқалиб кетгани учун узр сўраган куннинг эртасига текширув ишларини йўлга қўйишди. 

Бу ҳақидаги илк хабарлар JTBC кабель телеканалида пайдо бўлган, телеканал эфирда Цой Сун Силнинг давлат ишларидаги иштироки борасидаги тахминлари билан бўлишганди. Бошқа маълумотларга кўра эса,  аёл ҳаттоки махфий ҳисобланган президент нутқларини тўғрилаган. 

Манбага кўра, Цой Сун Силь мамлакат президенти устозининг қизи ҳамда собиқ давлат котибнинг турмуш ўртоғи бўлган. У Жанубий Корея ҳукуматида расман ҳеч бир лавозимни эгалламаган. 

Пак Кин Хенинг сўзларига кўра, Цой Сун Силь вақти-вақти билан унга ёрдам бериб келган.

"Корея Республикаси Конституциясига кўра, мамлакатни бир президент бошқаради. Бироқ маълум бўлишича, давлатни икки президент бошқариб келган", - деди мухолифат Демократик партия раҳбари Чху Ми Э. Унинг таъкидлашича, Цой Сун Силь "Чхонвадэ" президентлик қароргоҳидан кундалик маърузаларни қабул қилган ва кўрсатмалар берган. 

Жанубий Корея президенти атрофидаги можаро авжига чиқмоқда ва ҳаттоки ҳукмрон "Сэнуридан" партиясининг баъзи вакиллари президентдан партия аъзолигидан воз кечишни талаб қилишган бўлса, мухолифат ҳукумат истеъфосини талаб қилмоқда.