Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Марк Эро Идлиб шаҳридаги мактабга қилинган ҳужум учун айбни Сурия ҳукумати зиммасига юклади. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берган.

"Суриядаги тузум ва унинг тарафдорлари тинчлик сулҳи ҳақида ўйламайди ва айнан улар бу бомбардимонни уюштирган. Бу ҳужум халқаро инсон ҳуқуқларининг очиқ-ойдин бузилишидир", дея қайд этган Эро.

Бундан олдинроқ БМТ болалар жамғармаси (UNICEF) ижрочи директори Энтони Лейк Суриянинг Идлиб шаҳридаги мактабга нисбатан уюштирилган бир нечта авиазарба оқибатида 22 нафар бола ва олти нафар ўқитувчи ҳалок бўлганлигини маълум қилганди.

Идлиб вилояти Сурия мухолифати назоратида бўлиб, турли манбалар 27 октябрга ўтар кечаси берилган ҳаво зарбаси Россия ва Сурия ҳукумати томонидан амалга оширилганини билдирган.

Ўз навбатида, Россиянинг БМТдаги доимий вакили Виталий Чуркин Идлибдаги мактабга зарба берилганлиги ҳақидаги хабарни даҳшатли деб атади ва бу бўйича Россия томонининг изоҳини кутишга чақирди.