Францияда ММА қоидалари бўйича мусобақалар ўтказиш тақиқланди

Спорт 27 Октябрь 2016 4191
Фото: diario4v.com

Францияда ММА қоидалари бўйича жанглар ўтказиш тақиқланди, дея хабар қилмоқда Sky Sports телеканали.

26 октябрь куни Франция спорт вазирлиги якка курашлар бўйича мусобақаларни ўтказишга доир янги қоидалар мажмуини эълон қилди. Унда, ММА алоҳида спорт сифатида қайд этилмаган. Спорт маъмурияти жангларни гиламда ёки уч ёхуд тўртта арқон тортилиб ўралган рингда ўтказишга рухсат берган. Майдон бурчаклари ҳимояланган бўлиши керак. Спорт вазирлиги, шунингдек, майдонда ётган рақибга тизза билан зарба бериш; тирсак ва бош билан қорин пастига, умуртқа қисмига, томоқ ва энсага зарба бериш; бармоқ билан кўз, оғиз ёки бурунга ҳужум қилиш; сочни тортиш; рақибни бош ёки бўйни билан қасддан ташлаб юбориш; рақибни рингдан ташқари ирғитиб юборишни тақиқлади. 

Бунга жавобан, МMA Франция комиссияси (CFMMA) президенти Бертран Амуссу судга мурожаат қилишини билдирган. «Вазирлик бизни ахмоқ қилаяпти. Европада Франция ва Норвегиядан ташқари барча мамлакатлар MMA қоидаларини тан олган. Мен бунгача бормаслигига умид қилгандим. Бироқ, биз судга арз қиламиз», — деган Амуссу L'Express нашрига.

ММА — бу ўзида бокс, кикбоксинг, жиу-житсу, карате ва муай-тай усулларини акс эттирувчи жанговар қоидалар тўплами.

Кўпроқ янгиликлар