Фурқат туманининг Болтакўл МФЙдаги комиссия хўжакўрсинга тузилгани, умуман ишламагани аён бўлди. Хусусан, мазкур МФЙ котибаси, комиссия аъзоси М.Ҳамдамова ва туман бандликка кўмаклашиш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази ҳудудий инспектори, комиссия аъзоси А.Мамажонов билан тил бириктириб, “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига зид равишда иш қилишди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда. 

Улар нафақага муҳтож бўлмаган 7 оилага икки ва ўн тўрт ёшгача болалари учун нафақа тайинлаш мақсадида расмий ҳужжат – оилаларнинг моддий ва мулкий аҳволини ўрганиш далолатномаларига меҳнатга лаёқатли аъзоларини тўлиқ киритмасдан, даромадларини камайтириб, нафақага муҳтож деб кўрсатиб, ҳужжатларни қалбакилаштиргани оқибатида жами 10 млн. 672 минг сўм нафақа пуллари ноқонуний тўланган.

МФЙ ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш махсус комиссиясининг аъзоси, гувоҳ Р.Мирзақуловнинг суд мажлисидаги кўрсатмасига кўра, у комиссия таркибида нафақа тайинлаш билан боғлиқ тўпланган ҳужжатлар билан танишиб чиқишига йўл қўйишмаган.

Суд етказилган зарар ўрнини қопланганини инобатга олган ҳолда М.Ҳамдамова ва А.Мамажоновга қилмишларига яраша жазо тайинлади.