Қозоғистон Олмаота вилоятидаги ўрта асрларга оид Талгар (Талхиз) шаҳарчасида йўл қурилиши ишларини тўхтатишга қарор қилинди. Бу ҳақда, мамлакат бош вазири ўринбосари Имангали Тасмагамбетов маълум қилган.

Унинг қайд этишича, 2014 йили Талгарга халқаро мақом берилгани боис, ундан фойдаланиш ва уни асраб-авайлаш борасида Бутунжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги Конвенция қоидаларига риоя этилади. Қозоғистон бу конвенцияга 1994 йилда қўшилган. 

Тасмагамбетовнинг сўзларига кўра, Талгар шаҳарчасида давлат идоралари ҳаракатларининг мувофиқлаштирилмаганлиги сабабли ташкилий ва техник можароларга олиб келган. Бу эса, биноларни бутунжаҳон мероси рўйхатидан ўчирилишига олиб келиши мумкин. 

Шу сабабли, Олмаота вилояти ҳокимлигига қўриқланувчи ҳудудни айланиб ўтувчи йўл қуриш лойиҳасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириши вазифаси топширилган. 

Талхиз – Буюк Ипак йўлидаги ўрта асрларга тегишли, бугунги Хитой, Қирғизистон ва Қозоғистон ҳудудида жойлашган 33та шаҳарчадан бири ҳисобланади. 2014 йили Талхиз ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган эди.