Жанубий Кореянинг Samsung компанияси инвесторларни технологиялар тарихидаги энг йирик муваффақиятсизликлардан бирини бартараф қилишнинг уддасидан чиқишига ишонтиришга ҳаракат қилмоқда. Хабарга кўра, технология гиганти воқеага ойдинлик киритиш мақсадида нафақат батареялар, балки смартфоннинг бошқа деталларини ҳам ўрганиб чиқмоқда. Бу ҳақида Reuters агентлиги маълум қилди. 

“Биз сизнинг ишончингизни қайтариш учун бор кучимиз билан ишлашга тўғри келишини биламиз ва айнан шу йўналишда ҳаракат қилмоқдамиз”, - деди Samsung раҳбарларидан бири Ж.К.Син компания натижалари чоп этилгандан кейин. 

Смартфон ишлаб чиқарувчи дунёдаги энг йирик компания учинчи чоракда мобил бўлимнинг даромади 96 фоизга (87,63 миллион АҚШ доллари) тушиб кетгани ҳақида ҳисобот берди.

Операцион даромад 5,2 триллион вон (4,57 миллиард доллар)ни ташкил қилди. Дастлаб компания 7,8 триллион вон ҳажмидаги даромадни кўзлаётган эди, аммо Note 7 смартфонларини ортга қайтариш билан боғлиқ йўқотишлар прогноз оқланмаслигига олиб келди. 

Компания тўртинчи чоракда тахминан 2015 йилнинг октябрь-декабридаги кўрсаткичига монанд даромад олишни ўз олдига мақсад қилиб қўйганини маълум қилди. Улар Galaxy S7 ва нисбатан ҳамёнбоп моделлар сотуви ҳисобига ана шундай натижаларга эришишни режалаштиришмоқда. 

Samsung компанияси Note 7 муваффақиятсизлиги туфайли кейинги икки чорак даромадининг 3,1 миллиард долларга камайишидан огоҳлантирди. Шундай бўлса-да, компания чип ва дисплейлар билан шуғулланувчи бўлимларнинг яхши кўрсаткичлари ҳисобига даромаднинг яхшиланишини кутмоқда. 

Note 7 смартфонларининг қайтарилишига сабаб бўлган батареялар етказиб берувчи Samsung SDI Co. Ltd. учинчи чоракда 110 миллиард вон миқдоридаги операцион камомад ҳақида ҳисобот берди.