2008 йилги Олимпия ўйинларида медаль олган 6 нафар спортчининг допинг намуналари қайта текширувдан ўтказилганидан сўнг уларнинг қон таркибида тақиқланган моддалар бўлгани аниқланди. Бу ҳақда ХОҚ матбуот хизмати хабар берган.

Улар қаторида Ўзбекистон байроғи остида Пекин–2008 ва Лондон–2012 Олимпиадаларида чиқиш қилган эркин курашчи Сослан Тигиев бор бўлиб, у энди Пекин Олимпиадасидаги кумуш медалидан маҳрум этилди. 

2012 йилда Сослан Тигиевнинг қон таркибида тақиқланган метилгексанеамин препарати аниқланганидан сўнг, у Лондон–2012 Олимпиадасининг бронза медалидан маҳрум қилинган эди.

Сослан Тигиев билан бир қаторда Пекин–2008 Олимпиадасининг тўққиз спортчиси, шулардан совриндор бўлган 6 нафари дисквалификация қилинган. Бу 2015 йил августида бошланиб, Жаҳон антидопинг агентлиги (WADA) ва халқаро федерацияларни ўзига жалб этган маълумотлар йиғиш жараёнининг натижаси ҳисобланади.

Булар орасида Беларусдан 2 нафар, Россия, Украина, Озарбойжон, Қозоғистон, Куба, Испания ва Ўзбекистондан бир нафардан вакил бор. Хусусан, Сослан Тигиевнинг акаси, Қозоғистон номидан чиқиш қилган Таймураз Тигиев (кумуш) ҳам медалидан айрилган. Унда туринабол моддаси аниқаланган. Допинг намунаси ижобий чиққан Россия вакили эса енгил атлетикачи Екатерина Волкова (туринабол) экани маълум.

Шунингдек, украиналик оғир атлетикачи Ольга Коробка (кумуш), беларуслик оғир атлетикачи Андрей Рибаков (кумуш), беларуслик оғир атлетикачи Анастасия Новикова (бронза) медаллардан маҳрум бўлган.

Пекиндаги Олимпиадада медалларни қўлга кирита олмаган озарбойжонлик оғир атлетикачи Сардар Гасанов, кубалик баландликка сакровчи Вильфредо Мартинес (5-ўрин) ва испаниялик тўсиқлар оша югурувчи Жозефин Оньянинг ҳам тақиқланган препаратлар қабул қилгани маълум бўлди.

Бундан олдинроқ, Пекин–2008 ва Лондон–2012 Олимпиадаларининг допинг намуналари қайта текширувидан сўнг Ўзбекистон номидан иштирок этган Артур Таймазовнинг допинг намунаси ижобий чиққан ва у Пекин–2008 олтин медалидан маҳрум этилганди.