Туркия адлия вазири Бекир Бўздағ мухолифат партиялар депутатлари ҳамроҳлигида АҚШга йўл олди. Томонлар 25 октябрда Туркияга Фатҳуллоҳ Гуленни топшириш бўйича музокаралар ўтказишди. Бу ҳақида Daily News хабар берди. 

“Бизнинг АҚШ билан муносабатларимиз террорчини деб жабр кўрмаслиги керак”, - деди Бўздағ Туркиядан Америкага парвоз қилиш олдидан ва америкалик ҳамкасбларига Гуленга доир янги далилларни тақдим қилишини таъкидлади. 

“АҚШ учун Усома бин Лодин қандай аҳамиятга эга бўлган бўлса, Туркия учун Фатҳуллоҳ Гулен худди шундай аҳамиятга эга”, - қўшимча қилди у. 

“Биз учун ушбу ҳужжат Гуленни экстрадиция қилиш учун керагидан ортиқ далиллардан иборат”, - деди Бўздағ ва Туркия томоннинг АҚШ амалдорларига ҳужжатлар жамланган 4 файл ҳамда Гуленни қўлга олишга расмий сўров йўллаганини қайд этди. 

Бўздағ 4 кунлик сафари давомида SETA фонди (ҳукуматнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар фонди) томонидан ташкил этиладиган Туркияда амалга оширилган ҳарбий тўнтарув ҳаракатига оид музокараларда иштирок этади ҳамда Вашингтондаги Анадоулу агентлиги фотокўргазмасини очиб беради.

Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли АҚШнинг мансабдор шахслари Гулендан қутулишни исташлари, бироқ унинг Туркияга экстрадиция қилинишини истамасликларини айтиб ўтганди.