Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги экинлари ва уларни агрокимёвий ҳимоя қилиш ишлари кучайтирилади. Шу мақсадда, 2016 йил 24 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти в.б. Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган «Ўсимликларни ҳимоя қилиш тизимини яхшилаш ва қишлоқ хўжалигига агрокимёвий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, «Ўзагрокимёҳимоя» акционерлик жамияти ташкил этилади.

Унинг таркибига: 

«Ўзкимёсаноат» АЖ таркибидан чиқарилган ҳолда «Ўзагрокимёҳимоя» АЖнинг «Қишлоқхўжаликкимё» ҳудудий акционерлик жамиятлари қошида барпо этиладиган ҳудудий бўлинмалари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ўсимликларни ҳимоя қилиш марказларига қарашли мулкнинг бир қисми; 

«Қишлоқхўжаликкимё» ҲАЖ таркибидаги туман ва туманлараро бўлимлари негизида ташкил этилувчи «Агрокимёҳимоя» ҲАЖ туман (шаҳар) бўлимлари ҳамда ўсимликларни ҳимоя қилиш бўлинмалари;

Республика ўсимликларни ҳимоя қилиш ва агрокимё маркази таркибига кирувчи Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ўсимликларни ҳимоя қилиш марказлари мол-мулкининг бир қисми ва чигирткага қарши кураш хизмати негизида ташкил этилувчи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида чигиртка ва тут куясига қарши кураш хизматлари бўлимлари;

Республика ўсимликларни ҳимоя қилиш ва агрокимё маркази таркибига кирувчи Республика агрокимё станцияси, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар агрокимё станциялари негизида барпо этилувчи «Агрокимё станцияси» МЧЖ;

Республика ўсимликларни ҳимоя қилиш ва агрокимё маркази таркибига кирувчи Республика ўқув-ишлаб чиқариш биолабораторияси негизида ташкил этилувчи «Республика ўқув-ишлаб чиқариш биолабораторияси» МЧЖ;

Республика ўсимликларни ҳимоя қилиш ва агрокимё маркази таркибига кирувчи Ўзбекистон ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти негизида ташкил этилувчи «Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти» МЧЖ.

Президент қарори билан «Ўзагрокимёҳимоя» АЖнинг асосий вазифалари ва фаолиятининг йўналишлари аниқлаб берилган. Хусусан, қишлоқ хўжалигини минерал ўғитлар, ўсимликларни ҳимоя қилиш кимёвий ва биологик воситалари билан таъминлаш, чигиртка, зараркунандалар, ўсимликлар касалликлари ва бегона ўтларга қарши кураш борасида ягона техник ва технологик сиёсатни юритиш белгиланган.

Шунингдек, мазкур қарор билан «Ўзагрокимёҳимоя» АЖ ташкилий тузилмаси ва АЖ таркибига кирувчи 30та ташкилот рўйхати тасдиқланган. Қайд этилишича, мазкур АЖ бошқаруви раиси ва унинг ўринбосарлари акционерлик жамиятининг умумий мажлисида сайланиб, лавозимга Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши қайд этилган. Улар мақоми бўйича вазир ва вазир ўринбосарлари мақомига тенглаштирилади.