Ўзбекистон ҳукумат аъзолари тадбиркорлар билан очиқ суҳбат ташкил этишди

Ўзбекистон 27 Октябрь 2016 8766
Фото: «Vkurse.uz»

Бугун, 27 октябрь куни Тошкент шаҳридаги «Истиқлол» санъат саройида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат солиқ, божхона қўмиталари, Адлия, Ички ишлар вазирликлари масъул ходимлари, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 2016 йил 5 октябрда имзолаган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон ижроси билан боғлиқ масалаларга эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Парпиев, ички ишлар вазири А.Аҳмадбоев ва бошқалар мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва ҳар томонлама қўллаб-қуватлашга доимий эътибор қаратилаётгани иқтисодиётимиз барқарорлиги ва халқимиз фаровонлигида муҳим ўрин тутаётганини таъкидлади. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жамиятимизнинг, тараққиётимиз ва фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам таянчи бўлиши шарт, деган улуғ мақсади амалда рўёбга чиқди. Бу хайрли ишларнинг изчил давом этаётгани мамлакатимизнинг янада тараққий этишига хизмат қилади.

Фармонга кўра кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш учун янги имкониятлар яратилмоқда. Эндиликда тадбиркорлар фаолиятига аралашувлар тубдан қисқаради. Бу соҳада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслик давлат органларининг биринчи даражали вазифаси сифатида белгиланди.

2017 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинади. Биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъекти етказилган зарарни ихтиёрий бартараф этса жавобгарликнинг барча турларидан озод қилинади. Бу имкониятдан тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказмасдан амалга ошираётган шахслар ҳам фойдаланиши мумкин. Демак, улар ўз фаолиятини қонунга мувофиқлаштириши зарур. Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазо қўллаш тақиқланган.

– Тадбиркорларга яратилаётган кенг имкониятлар бизни Ватанимиз равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилишга ундайди, – дейди Тошкент вилоятида фаолият юритаётган “Зиё барака текс” оилавий корхонаси раҳбари Меҳринисо Исломова.  – Фармон ижроси доирасида ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бевосита кўмаги, қўллаб-қувватлаши билан фаолиятимизни кенгайтиряпмиз. Келгуси йилдан бошлаб ишлаб чиқараётган кийим-кечак, кўрпа-ёстиқ жилди ва бошқа маҳсулотларимизни хорижга экспорт қилишни мўлжалламоқдамиз.

Фармонга кўра мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш учун хорижий инвестициялар иштирокидаги янгидан ташкил этилган ишлаб чиқариш корхоналарига беш йил мобайнида улар рўйхатдан ўтказилган санада амалда бўлган солиқ ставкалари ва бошқа мажбурий тўловларни қўллаш ҳуқуқи берилади.

– Бу хориж инвестицияси асосида фаолият юритаётган корхоналарга берилган катта имкониятдир, – дейди пойтахтимизда фаолият юритаётган “Аpiteks” масъулияти чекланган жамияти бош директори ўринбосари Адҳам Зиёев. – Бизнинг корхонамиз ҳам ана шундай корхоналар сирасидан бўлиб, импорт ўрнини босувчи, саноатбоп техник тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарамиз. Юздан зиёд ишчи меҳнат қилаётган корхонамиз жамоаси яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб фаолиятини кенгайтирмоқда ва янги иш ўринлари яратишни мўлжаллаганмиз.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти ташкил этилиши муҳим янгилик экани қайд этилди. Фармон ижроси доирасида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани таъкидланди.

Бу каби чора-тадбирларнинг амалга оширилаётгани мамлакатимизда тадбиркорларга, айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорларга эркин ва самарали иш юритиш, иқтисодиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшишда янги имкониятлар яратмоқда. Бу халқимиз фаровонлиги ошиши, мамлакатимиз тараққиёти янада юксак поғоналарга кўтарилишида муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 2016 йил 21 октябрь куни имзолаган "Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармон мазмун-моҳияти ҳақида ҳам сўз юритилди.

Очиқ мулоқот шаклида ташкил этилган тадбирда видоконференцалоқа тизими орқали пойтахтимизнинг барча туманларида фаолият юритаётган кичик бизнес субъектлари вакиллари мулоқотга қўшилиш имконига эга бўлди. Тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан жавоб олди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Абдуллаев, Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усмонов сўзга чиқди.

Манба: ЎзА

Кун янгиликлари
Судьянинг нохолислиги ёки давлат телеканалининг “шохи” борми?
19:21 / 17.08.2017 94121 Жамият
“Менга ҳаловат йўлини кўрсатинг...”. Тўй қилиб қарзга ботган ота уламоларга юзланди
16:00 / 17.08.2017 46078 Жамият
Хорижга чиқиш учун биометрик паспортнинг амал қилиш муддати неча йил бўлади? 
12:01 / 17.08.2017 51344 Ўзбекистон
Parus оилавий марказида хоррор-квестлар, лазерли отишма ўйини ва бошқа янгиликлар тайёрланди. Марҳамат
10:14 / 17.08.2017 9176 Lifestyle
Давлат ва ОАВ: Ахборот майдонида монополияга чек қўйиш вақти келди
22:00 / 16.08.2017 20023 Ўзбекистон
Бразилия полицияси мавжуд бўлмаган спортчиларда пул қилган гуруҳни аниқлади
00:50 141 Жаҳон
Барселонада “Европанинг исломлашувига” қарши намойиш тарқатиб юборилди
00:40 531 Жаҳон
Олий Мажлис сенаторларидан бирининг ваколати муддатидан аввал тугатилди
Трамп ўзининг бош маслаҳатчаларидан бирини бўшатишга қарор қилди
00:24 389 Жаҳон
Дунёдаги энг кекса қочқин аёлга Швецияда бошпана бериш рад этилди
00:11 1314 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар