Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиев солиқ тўлашдан бош тортаётган тадбиркорлар иши билан шуғулланиб, уларни прокуратура органларига шахсан юборади. Парпиев, «Истиқлол» санъат саройида бўлиб ўтган тадбиркорлар билан учрашувда шу ҳақда маълум қилган.

«Мен барча тадбиркорларни огоҳлантириб қўймоқчиман, – деган Парпиев. – Солиқ тизими ташқарисида қолмоқчи бўлганлар юзасидан ҳужжатларни прокуратурага шахсан топшириб, жиноий жавобгарликка тортишни сўрайман». Гарчи, буни амалга ошириш мушкул бўлса-да, шундай қилишини қайд этган Парпиев. 

Мажлис ташкилотчиларининг фикрича, тадбиркорларни бизнес юритиш соҳасидаги янгиликлардан, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш борасидаги ўзгаришлардан бохабар қилиш мақсадида уюштирилган.

Давлат солиқ қўмитаси раҳбари ўз чиқишида 2015-2016 йилларда тадбиркорлар томонидан солиқлар ва бошқа тўловлар кўринишида 225 млрд сўмни тўланмаганига эътибор қаратган. 35 млрд сўмлик хизмат ва маҳсулотларга чек берилмаган, 71 млрд сўмлик нақд пул банкларга топширилмаган. 

Шу билан бирга, Ботир Парпиев тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳам шахсан ҳимоя қилишини таъкидлаган. Уларнинг фаолияти текширилишига тўхталган Парпиев, республика бўйича корхоналарда бир йилда 4 мингдан ортиқ режадан ташқари текширувлар, 1,5 минг белгиланган текширишлар амалга оширилишини маълум қилган. 

Тадбиркорлик субьектларида амалга ошириладиган режадан ташқари текширувлар натижасида ўртача 1,5 млрд сўмлик маъмурий жарима солинади. 1,5 минг материал кўриб чиқиш учун судларга юборилади. Шунингдек, 25 млрд сўм атрофида зарар келтирувчи 200 корхона фаолиятига чек қўйилади. 

Шу билан бирга, Парпиевнинг таъкидлашича, эндиликда, тадбиркорларнинг текширишлар билан боғлиқ зарарлари ўтмишда қолади. 2017 йилдан барча режадан ташқари ва белгиланган текширувлар бекор қилинади. Бу солиқ инспекцияси томонидан камерал назоратни кучайтириш орқали таъминланади.