Москвада шу йилнинг февралида 4 ёшли қизчани ўлдиргани учун қўлга олинган ўзбекистонлик Гулчеҳра Бобоқулованинг қонуний вакили, юрист Александр Говердовскийнинг маълум қилишича, судланувчи ўзини Ўзбекистонга мажбурий даволашга юборишни сўраган.

«Аммо мен бунинг амалга ошишига ишонмайман. Қонунчилик амалиётига кўра, Россияда жиноят амалга оширган шахслар шу ерда жазони ўтайди. Агар суд прокуратура талабига рози бўлса, Бобоқуловага маълум муддатга мажбурий даволаш белгиланади. Бироздан кейин эса ҳуқуқни сақлаш органлари даволашни давом эттириш ёки уни тўхтатиш талабини қўяди”, дея Говердовскийнинг сўзларини келтирган манба.

Говердовскийнинг қайд этишича, суд материалларида Бобоқулованинг бирор террорчилик гуруҳи фаолиятида иштирок этгани ҳақида маълумот йўқ. 

Бобоқулова иши бўйича кейинги суд эшиттируви 1 ноябрга тайинланган.

24 октябрь куни Москва суди 4 ёшли болани ўлдирганликда айбланаётган Гулчеҳра Бобоқулованинг ишини кўриб чиқа бошлади. Судланувчи ўз айбига тўлиқ иқрор бўлди ва жиноятни қандай амалга оширганлигини айтиб берди.

Эслатиб ўтамиз, 29 февраль куни Москва шимоли-ғарбидаги ёнғин юз берган хонадонда бошсиз қизнинг танаси топилди. Орадан бир неча соат ўтиб «Октябрское поле» метро бекатида шу қизнинг энагаси, ўзбекистонлик 42 ёшли Гулчеҳра Бобоқулова ҳибсга олинди. Унинг қўлида қизчанинг боши бўлган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ўзини портлатиб юбориш билан таҳдид қилган аёлга қарийб 40 дақиқа давомида ҳеч ким яқинлашмаган.

Айбланувчига комплекс стационар наркология-психиатрия экспертизаси тайинланди.