Ҳозирда «Манчестер Сити» жамоаси бош мураббийи сифатида ишлаётган Хосеп Гвардиоланинг биографияси бўлмиш «Эволюция» китобини ёзган Марти Перарнау ўтган мавсумда Мадриднинг «Реал» клуби ушбу мутахассисни ишга таклиф қилгани ҳақида маълум қилди.

Унинг айтишича, мадридликлар раҳбарияти Рафаэль Бенитеснинг ўрнига аввалига Хосеп Гвардиолани олиб келмоқчи бўлган.

«Қачонки, Бенитеснинг «Реал»да қолмаслиги аниқлаша борганида, улар Пеп билан қизиқишган. Шу вақтда Гвардиола ҳам «Бавария»дан кетиш ҳаракатига тушганди.

Вакиллар Гвардиолага бу ҳақда маълум қилишган, аммо у «Манчестер Сити» билан келишиб қўйгани ва бошқа ҳеч қандай таклифни кўриб чиқмаслигини айтган», – деди Перарнау ўз китоби тақдимотидан кейин La Sexta нашрига берган интервьюсида.

Эслатиб ўтамиз, Бенитес «Реал»дан 2016 йилнинг 4 январида истеъфога чиқарилди ва унинг ўрнига шу куннинг ўзидаёқ Зайнидин Зидан жамоа бош мураббийи сифатида таништирилди.