Ҳиндистондаги Hare Krishna Exports заргарлик компанияси хўжайини Савжибҳай Дхолакиа мамлакатдаги бош байрам Дивали муносабати билан ходимларига 1260та автомобиль совға қилишга қарор қилди. Бундан ташқари, у октябрь ойи охирида бўлажак тантаналарда, 400 нафар ишчисига хонадон калитларини топширади, деб ёзади The Guardian газетаси.

Дхолакиа шунингдек, заргарлик тақинчоқлари ҳам тарқатади. Тадбиркор Hare Krishna Exports компаниянинг энг содиқ ва иқтидорли ходимларига бериладиган совғалар учун 7 млн доллар сарфлашни режалаштирган. 

«Бизнинг мақсадимиз, ишчиларимизнинг ҳар бири яқин беш йилда ўз уйи ва автомобилига эга бўлишини таъминлашдир. Шу боисдан биз уларга автомобиллар, хонадонлар ва заргарлик маҳсулотлари совға қилмоқчимиз», — деган Дхолакиа. Унинг ишчиларига қайси русумдаги машиналар берилишига ойдинлик киритилмаган. 

Hare Krishna Exports компанияси 75 мамлакатга бриллиантлар етказиб беради. Таъкидланишича, ишчиларни бу каби қўллаб-қувватлаш фирма тарихида илк бора ўтказилмаяпти. 2014 йил Hare Krishna Exports ходимлари 491 автомобиль ва 207 та хонадон соҳибига айланишганди.